Халқ шоирининг 110 йиллиги нишонланди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, бадиий сўз устаси Тилеуберген Жумамуратовнинг 110 йиллигига бағишланган адабий кеча ташкил этилди.
Адабий кечада Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси-департамент бошлиғи П.Дабилов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алаўатдинов, шоирнинг қизи университетнинг журналистика кафедраси профессори Малика Жумамуратова, шунингдек, адабиёт ва санъат арбоблари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўтказилган кечада сўзга чиққанлар Тилеуберген Жумамуратовнинг ҳаёти ва ижодий йўли, унинг қорақалпоқ адабиётини ривожлантиришдаги тутган ўрни, инсонийлик, Ватанпарварлик, миллий ўзлик ва маънавий поклик ғояларини тараннум этган асарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шоир ижоди нафақат миллий адабиётимиз, балки туркий тилли халқлар адабиётида муносиб ўрин эгаллагани, унинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб, халқимизнинг маънавий бойлигини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
Шунингдек, сўзга чиққанлар шоирнинг ижодий мероси, унинг инсоний фазилатлари, адабиётга бўлган садоқати ва ёш авлодларни тарбиялашдаги хизматларини ҳурмат билан ёдга олди ва бу тадбир иштирокчиларида чуқур таассурот қолдирди.

Адабий кеча санъат соҳаси вакиллари ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар билан янада файзли тус олди. Иқтидорли талаба-ёшлар томонидан шоир асарларидан намуналар ўқилди.
Ушбу адабий кеча буюк сўз заргарига бўлган эҳтиром ифодаси бўлиши билан бирга, ёшлар онгида миллий адабиётга муҳаббат, бадиий сўзга эътибор ва маънавий қадриятларга садоқатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси