«Қорақалпоқфильм» киностудиясида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев реконструкциядан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган «Қорақалпоқфильм» киностудиясида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида шу ерда бўлди.
«Қорақалпоқфильм» киностудияси биносида қарийб 6,5 млрд. сўм маблағ ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур техника ва инвентарьлар билан таъминланганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, киностудияда овоз ёзиш ва дубляж студиялари ишга туширилди ҳамда музей ташкил этилди.
Яратилган шундай имкониятларга асосланиб, бугунги кунда киностудия ишларига алоҳида суръат киритилиб, янги картиналар устида ишлар бошланди. Шу қаторда ўтган йили буюк мумтоз шоиримизга бағишланган «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильми суратга олинган бўлса, бугунги кунда «Қорабой» комедия фильми, «Муаллим» фильми, «Мен қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман» ҳужжатли фильми, «Гулойим ва қирқ қиз» тарихий фильмлари суратга олинмоқда. Миллий кинофондимиз йил саин янги фильмлар билан бойиб бормоқда.
Жўқорғи Кенгес Раиси барча яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Киностудия жамоаси билан суҳбатлашди. Келгусида халқимиз қалбидан жой оладиган кўплаб фильмлар яратилиши кераклигини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Ш.Ризаев иштирок этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги