Янги корхона иш бошлади

27

Нукус шаҳрида янгидан ишга туширилган «Osten Technologies» корхонасининг очилиш маросими ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, нуроний-оқсоқоллар, фаол хотин-қизлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Жўқорғи Кенгеси Раиси корхонанинг очилиш муносабати билан йиғилганларни табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан бундай эзгу ишларга салмоқли ҳисса қўшаётган тадбиркорларимизга янгидан-янги имкониятлар яратилмоқда.

Эзгу мақсадлар йўлида ишга туширилаётган корхоналар иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлаш билан бирга, аҳоли даромадларини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутмоқда.

Янгидан ишга туширилган «Osten Technologies» корхонасининг очилиши ҳам ана шу йўналишдаги чора-тадбирлардан биридир.  Лойиҳа қиймати 23,5 млн. доллар бўлган ушбу корхонанинг тўлиқ қувватда ишга тушиши билан йилига 640 минг метр радиатор маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва яратилган иш ўринлари сони 300 тага етказилади.

Албатта, ишга туширилаётган ушбу корхона ҳали узоқ йиллар халқимиз манфаати учун хизмат қилади.

Тадбир давомида меҳмонлар корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги