Тахтакўпирда янги ун заводи ишга тушди

Тахтакўпир туманида фаолият юритаётган «Kausar Tegirmon» масъулияти чекланган жамиятига қарашли ун заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Жамбул Адилов иштирок этиб, тадбиркорни ушбу йирик лойиҳа ва корхонанинг ишга туширилиши билан самимий табриклади ва унинг ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари донни қайта ишлаш қувватига эга замонавий ун заводи фаолияти билан яқиндан танишди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорларининг ижроси доирасида жамият томонидан 2024 йили «Агробанк»нинг имтиёзли кредити ҳисобидан умумий қиймати 32 млрд. сўмлик чорвачиликни ривожлантириш ва сутни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилди. Хусусан, ушбу лойиҳа доирасида, хориждан 120 бош наслли қорамол олиб келиниб, умумий қиймати 500 млн. сўмлик сутни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди ва 7 фуқаро доимий иш билан таъминланди.
Бугунги кунда чорвачилик комплексида Германия, Дания ва Украина давлатларининг 170 бошдан ортиқ наслли қорамол боқилиб, жамият тасарруфидаги 500 гектар экин майдонларида чорва моллари учун тўйимли ўт-хашак етиштирилмоқда.
Сутни қайта ишлаш корхонасида эса, айни пайтда қадоқланган қатиқ, сметана, йогурт, торақ ва творог каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.
– Туркия технологияси асосида барпо этилган ушбу янги ун заводида суткасига 45 тонна дон қайта ишланиб, «Тахтакўпир» маркаси билан сифатли ун ишлаб чиқарилади, – дейди «Kausar Tegirmon» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аллаяр Мадреймов. – Энг асосийси, бу лойиҳа туманимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва бозорни сифатли ва рақобатбардош озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, лойиҳалар доирасида 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, жамият аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 август кунги «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан, Дауқара ОФЙ ҳудудидан 100 гектар ер майдонини олиб, жами қиймати 10 млрд. 300 млн. сўмлик интенсив мевали боғ яратиш ишларини олиб бормоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси