Янги кино комедиянинг премьераси ўтказилди

20

Қорақалпоғистон санъат саройида «Қорақалпоқфильм» давлат унитар корхонаси томонидан суратга олинган «Қорабой» комедия фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.

Ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори, маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, кино соҳасини ривожлантириш борасида ҳам кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимиз тарихи, адабиётига оид, давр қаҳрамонларига бағишланган қатор фильмлар суратга олиниб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Шунингдек, қарийб 6,5 млрд. сўм маблағ ҳисобидан «Қорақалпоқфильм» киностудияси биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур техника ва анжомлар билан таъминланди. Бундан ташқари, ушбу санъат саройида 4 млрд. сўм маблағ ҳисобидан замонавий кинозал ташкил этилди.

Ана шундай яратилаётган имкониятлар натижасида кино соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Премьераси ўтказилаётган фильмнинг халқимиз эътиборига ҳавола этилиши ҳам кино соҳасига қаратилаётган эътиборнинг натижаси десак янглишмаган бўламиз.

Албатта, келгусида ҳам республикамиз киноижодкорлари томонидан халқимиз қалбидан жой оладиган яна кўплаб фильмлар яратилаверишига қатъий ишонамиз.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги