Газ таъминотида барқарорлик: аҳоли эҳтиёжи қондирилмоқда

Қишнинг совуқ кунларида табиий газ тармоқларига уланмаган республикамизнинг олис ҳудудларида яшовчи хўжаликларга ўз вақтида тўсиқсиз суюлтирилган газ етказиб бериш газ таъминоти соҳаси ходимларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Шу боис бугунги кунда соҳа ходимлари ўз вазифаларига масъулият билан қараб, олис ҳудудлардаги табиий газ етиб бориши қийин бўлган хонадонларни мунтазам равишда суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаб келмоқда. Айниқса, бу ишлар Кегейли туманида яхши йўлга қўйилган.
– Туманимиз бўйича олис ҳудудларда яшовчи 1926 хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилмоқда, – дейди Кегейли тумани газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Володя Бекниязов. – Ушбу олис ҳудудлардаги истеъмолчиларни узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлашда барча шароитлар яратилган бўлиб, газ таъминоти соҳаси ходимлари ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам истеъмолчиларга ўз вақтида газ баллонларни етказиб келмоқда. Жумладан, Ақтуба, Абат, Жанабозор, Жалпоқжап, Кўкўзак, Қумшунгил, Жузимбоғ ва Ишон қалъа овул фуқаролар йиғини ҳудудларидаги газ истеъмолчиларини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш учун 3850 дона газ баллонлари билан таъминланган. Жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига туман суюлтирилган газ истеъмолчиларига 312,94 тонна фонд ажратилиб, амалда режа тўлиқ бажарилди.

Дарҳақиқат, Кегейли тумани газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан қишлоқ аҳолисининг мушкулини енгиллаштириш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг бундай эзгу ишларидан ҳудуд аҳолиси доимо миннатдор.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги