Миллий маърузани тақдим этиш муддати белгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза тайёрлайди ҳамда уни кўриб чиқиш учун Олий Мажлис палаталарига киритади.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани Олий Мажлис палаталарига тақдим этишнинг аниқ муддатини белгилаш таклиф этилмоқда. Хусусан, бир қатор қонунларга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тайёрланадиган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани Олий Мажлис палаталарига навбатдаги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан тақдим этиш лозимлигини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасидаги долзарб масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда коррупцияга қарши курашувчи органларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА