Ўзбекистон – Италия: Стратегик ҳамкорликни ҳудудлар даражасида кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди

1

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси доирасида мамлакатимиз Ишчи гуруҳи Италияда бўлиб давлат бошқаруви ва ҳудудларни ривожлантириш масалаларида муҳим келишувларга эришди.

Италия Ҳудудий ишлар ва автономиялар вазирлиги ҳамда Лацио вилояти раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар натижасида қуйидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Эндиликда Италиянинг маҳаллий бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича илғор тажрибаси Тошкент, Сурхондарё, Наманган ва Бухоро вилоятларида жорий этилади.

Ўзбекистон вилоятлари ва Италия округлари ўртасида тўғридан-тўғри инвестициявий ҳамкорлик йўлга қўйилади. Хусусан, Лацио округи билан Тошкент вилоятида фармацевтика ва логистика, Тоскана билан Бухорода туризм, Эмилия-Романья билан Наманганда тўқимачилик ва асаларичилик, Абруццо округи билан эса Сурхондарёда узумчилик йўналишида қўшма лойиҳалар амалга оширилади.

Таълим ва инновация соҳасида La Sapienza университетининг Тошкентда филиалини очиш, Паркент туманида “энотуризм” комплексини барпо этиш ҳамда Lazio Innova агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамкорлигида инновацияларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Келишувлар доирасида 2026 йил март ойига қадар аниқ инвестицион лойиҳаларни шакллантириш ва “Тошкент–Лацио ҳудудлари” бизнес форумини ўтказиш режалаштирилди.

Ушбу ҳамкорлик давлат бошқаруви натижадорлигини ошириш, жумладан, ҳудудлар иқтисодиётига хорижий тажрибани самарали татбиқ этишга хизмат қилади.

Камола Юсупова,

ЎзА