Президентимиз ташаббуслари ҳаётийлигини таъминлашда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашимиз лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назорати фаолиятига доир масалалар муҳокамаси кўзда тутилган.
Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов давлатимиз раҳбарининг Японияга ташрифи ҳақида тўхталди.
Мазкур расмий ташриф икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Учрашувларда Келгуси авлодлар учун кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот имзолангани эътиборга молик эканлиги қайд этилди.
Спикер таъкидлаганидек, Японияга ташриф давомида парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бир қатор учрашувларда дўстлик гуруҳларининг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, ёшларнинг парламентга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари «Марказий Осиё + Япония» биринчи саммитида нутқ сўзлаб, қатор ташаббусларни илгари сурди.
Шунингдек, Спикер давлатимиз раҳбарининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомидаги иштироки ҳақида ҳам сўз юритди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.
Президентимизнинг халқаро майдондаги ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг аҳамияти кенг тарғиб этилаётгани таъкидланди. Илгари сурилган ташаббуслар ҳаётийлигини таъминлашда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш парламент олдидаги муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА