Чимбойлик ёшларга янги уйлар топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги ПҚ-5216-сонли қарори асосида мамлакатимизда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, муносиб шароитлар билан таъминлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг буйруғи асосида Чимбой туманидаги Шахтемир, Бердақ, Ипак йўли маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган кўп қаватли уйлардан тўрт нафар ёшга янги уй калитлари топширилди.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосарлари А.Утемисов, Г.Мамбетниязова, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори Б.Бабаханов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шароитлар яратиб бериш борасида қилинаётган ишларни фахр билан эътироф этди.
Шундан сўнг бино олдига тортилган тасмалар тантанали равишда кесилиб, тадбир иштирокчилари янги уйларда ёшларнинг яшаши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва уй эгаларига кексалар ўзларининг эзгу тилакларини билдирди.
Ўз навбатида янги уйга эга бўлган Айдос Абдикадиров, Даврон Давлатбоев, Қудрат Ўтебоев, Даврон Жуманиязов ва Тимур Тажимуратов ҳамда Гулжаҳон Нуржановалар ҳам сўзга чиқиб, ўзларига кўрсатилаётган ғамхўрлик учун ҳурматли Президентимизга чуқур миннатдорчилигини билдирди.

– Мен Тимур Тажимуратов 21 ёшдаман. Муҳтарам Президентимизнинг инсон қадри тамойили асосида олиб бораётган адолатли сиёсати туфайли бугун янги уйга эга бўлдим. Бунинг учун Юртбошимизга катта раҳмат айтаман.
Дарҳақиқат, юртимизда бундай эзгу ишлар инсон қадри учун амалга оширилаётганини аниқ мисолда кўришимиз мумкин.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси