Toм Сойер  қорақалпоқ тилида: китобхонлик сари муҳим қадам

3

Республикамизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, жаҳон адабиёти дурдоналарини она тилида мутолаа қилиш имкониятларини кенгайтириш ёлида яна бир муҳим маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Маданият саройида машҳур америкалик ёзувчи Марк Твеннинг “Том Сойернинг саргузаштлари” асарининг қорақалпоқ тилидаги илк нашри кенг жамоатчиликка тантанали тарзда тақдим этилди.

Мазкур асар “Plato books”, “Booky», “Атияж” МЧЖ ҳамда “Айдинлар” лойиҳаси томонидан қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, коп нусхада чоп этилди. Тақдимот маросими Қорақалпоқ давлат университети, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, шунингдек “Plato books”, “Booky» МЧЖ, «САГ» ҳамда “Атияж” ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда 400 нафардан ортиқ меҳмон – талаба-ёшлар, ёзувчи ва адабиётшунослар, нашриёт вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок етди. Тақдимот давомида Марк Твен ижодининг жаҳон адабиётидаги ўрни, “Том Сойернинг саргузаштлари” асарининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, шунингдек, асарнинг қорақалпоқ тилига таржима қилиниши миллий адабиётимиз ривожида муҳим қадам экани алоҳида таъкидланди.

Тадбирни университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бойича проректори С.Алаўатдинов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош мутахассиси Г.Сейтеков очиб бериб, иштирокчиларни китоб тақдимоти муносабати билан табрикладилар. Шунингдек, асарни қорақалпоқ тилига таржима қилган Гулнара Исмаилова сўзга чиқиб, таржима жараёни ва асарнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикр билдирди.

Тадбир доирасида  “Booky»  лойиҳаси асосчиларидан бири Азизбек Дабилов “Айдинлар” лойиҳаси юзасидан батафсил тақдимот ўтказиб, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган таржима ишлари, қайта нашрлар ҳамда аудиокитоблар яратиш бўйича режалар билан ўртоқлашди.

Дастур давомида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ва савол-жавоблар ташкил этилди. Энг фаол ва мазмунли саволлар муаллифлари ташкилотчилар томонидан китоб ваучерлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидланганидек, китобхонларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида жаҳон адабиётининг машҳур асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилиш, илгари чоп этилган дурдоналарни қайта нашр этиш ва уларни кенг оммага етказиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, француз ёзувчиси Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асари қорақалпоқ тилида 2000 нусхада чоп этилиб, китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Бердақ номидаги Давлат мукофоти лауреати Караматдин Султоновнинг “Ажиниёз” романи қайта нашр етилди. Бундан ташқари, қорақалпоқ тилида 20 дан ортиқ асар замонавий дизайн ва босма усулда қайта чоп этилди. Хусусан, А.С. Пушкиннинг “Танланган шеърлари”, Абай Қунанбоевнинг “Қора сўзлар”, Ш. Айтматовнинг “Болалигим”, Д. Дефонинг “Робинзон Крузо”, Д.С. Клейсоннинг “Вавилоннинг энг бой одами”, Ф. Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” каби асарлар шулар жумласидандир.

Яқин кунларда яна бир қатор янги китоблар тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, ушбу асарларнинг қорақалпоқ тилидаги аудио ва электрон вариантларини тайёрлаш ишлари ҳам изчил йўлга қўйилмоқда. Бу форматлар замонавий ахборот муҳитига мос болиб, китобхонлар қамровини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, аудио ва электрон нашрлар келгусида сунъий интеллект технологиялари учун муҳим ва ишончли маълумотлар базасини шакллантиришда тайёр контент сифатида фойдаланилади. Бу эса қорақалпоқ тилида рақамли маҳсулотлар яратиш имкониятларини кенгайтириб, миллий тилимизнинг рақамли макондаги салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус” лойиҳасининг тўртинчи ташаббуси — ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш ва уларнинг маънавий-маърифий ривожига кўмаклашиш йўналишининг амалий ифодаси бўлди. Бугунги тақдимот ёшларнинг илм-фан, адабиёт ва тафаккурга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Заковат” каби интеллектуал танловлар ҳам ёшларни китоб ўқишга ундаш, билимга чанқоқлик ва фикрлаш маданиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Умуман олганда, жаҳон бесцеллер асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилиш, уларни қайта нашр этиш, аудиокитоблар яратиш ҳамда келгусида фильм вариантларини тайёрлаш ташаббуслари ёшлар ўртасида китобхонликни янада ривожлантириш, миллий адабиёт ва маданиятимизни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

                                                  Қорақалпоғистон ахборот агентлиги