Энергия, транспорт ва геосиёсат: ТДТнинг ортиб бораётган халқаро аҳамияти
Яқинда Вашингтон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва АҚШ Давлат департаменти вакиллари, Конгресс аъзолари ўртасида учрашув ўтказилди.
– Мазкур мулоқот стратегик аҳамиятга эга бўлиб, АҚШ ва Туркий дунё ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнайди, – деди “Hudson” институти катта илмий ходими Люк Коффи.
Унинг таъкидлашича, Трампнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан Оқ уйда “C5+1” форматининг 10 йиллигига бағишланган тарихий учрашуви, шунингдек, АҚШ воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можаронинг дипломатик йўл билан ҳал қилиниши ТДТнинг стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётганидан далолат.
Экспертлар фикрича, тузилмага аъзо давлатларнинг геосиёсий жойлашуви минтақани стратегик жиҳатдан муҳимлигини оширади. Минтақа катта энергия ва иқтисодий ресурсларга эга бўлиб, аъзо ва кузатувчи давлатларнинг умумий аҳолиси тахминан 1,64 миллион квадрат километр майдонда 158 миллион кишидан ошади. Ялпи ички маҳсулот эса 2 триллион долларга яқинлашди.
Жаҳон иқтисодиётидаги улуши нисбатан кичик бўлишига қарамай, ташкилот минтақанинг нефть, газ ва ноёб ер ресурсларига бойлиги, шунингдек, Туркия бўғозлари ҳамда Европа ва Осиёни боғлайдиган Ўрта йўлак каби асосий транспорт йўллари ва савдо йўлаклари туфайли стратегик аҳамиятга эга.
Қолаверса, ТДТга аъзо давлатларнинг демографик ва иқтисодий кўрсаткичлари истиқболли ўсишни кўрсатмоқда, бу уларнинг қулай географик жойлашуви билан биргаликда Евросиё майдонидаги аҳамиятини оширади.
С.Раҳимов, ЎзА