Солиқдан қарзи бор “метан заправка” сотилиб кетди

Мажбурий ижро бюроси Нукус туман бўлими иш юритувида Нукус туманида жойлашган, қарздор «Max Service Gaz » МЧЖдан жами 2,6 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг қарори мавжуд.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга ушбу қарор ижросини таъминлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилиб, суд қарорининг ижросини таъминламаслик оқибатлари тушунтирилган.
Шунга қарамасдан, қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли, унинг номида аниқланган метан қўйиш шахобчаси тегишли тартибда хатловга олинган.
Хатланган мулк жами 7 миллиард 656,5 миллион сўмга баҳоланиб, электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилган.
Ушбу мулк ўтказилган аукцион савдоларида 3 миллиард 828 миллион сўмга сотилиб, сотувдан тушган пул маблағлари қарздорнинг давлат бюджети олдидаги қарздорлигини қоплашга йўналтирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги