Жамоат овқатланиш жойларида рейдлар ўтказилмоқда

Айни кунларда мамлакатимизда ёнғин хавфсизлиги ойлиги уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Ойлик доирасида, республикамизнинг газ таъминоти соҳаси мутахассислари жамоат жойларида бўлиб, табиий газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича махсус рейд ва тарғибот ишлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газдан тўғри ва хавфсиз фойдаланишини таъминлашдир. Хусусан, филиал мутахассислари томонидан Тўрткўл деҳқон бозорида жойлашган овқатланиш жойларида рейд ўтказилиб, унда айрим овқатланиш жойлари суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиб келаётганлиги аниқланди ва рейд давомида 10 дона талабга жавоб бермайдиган газ баллонлари йиғиб олинди. Тадбирда истеъмолчиларга газ баллонларидан белгиланган қоидага мувофиқ ва хавфсиз фойдаланиш тартиблари ҳақида тушунтиришлар берилди.

– Республикамиз бўйича газ таъминоти корхонаси томонидан фақатгина олис ҳудудлардаги суюлтирилган газга мослаштирилган хонадонлар ва мактабгача таълим муассасалари суюлтирилган газ билан таъминланмоқда, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали суюлтирилган газ таъминоти бўлими бошлиғи Руслан Ибрагимов. – Овқатланиш жойлари газ баллонлар билан таъминланмайди. Бугунги кунда республикамиз бўйича 100 489 шахсий хонадон ва 121 Мактабгача таълим ташкилотига тегишли газ баллонлари тарқатилади.
Бу борадаги тадбирлар республикамизнинг бошқа шаҳар ва туманларидаги овқатланиш жойларида олиб борилмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси