Жўқорғи Кенгес Раиси жамиятнинг бир гуруҳ фаоллари билан учрашди

3

Қорақалпоғистон санъат саройида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёзувчи, шоирлар, адабиётшунослар ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан учрашуви ўтказилди.

Унда республикамиз раҳбари сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида фақатгина Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор, фармонлар, ушбу ҳужжатлар орқали берилган имтиёзлар ҳақида кенг тарзда таъкидлаб ўтди. Учрашувда шунингдек, ўтган қисқа вақт ичида Қорақалпоғистон тарихи саҳифаларида ўзига хос ўрин олган муҳим янгиликлар, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишлар ва олдиндаги вазифалар ҳақида кенг тарзда сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг биргина Қорақалпоғистон учун 2017 йилдан буён 78 та фармон ва қарорлари қабул қилинган бўлса, айни пайтда 38 та ҳужжат ижроси давом этмоқда.

Қабул қилинган тарихий ҳужжатлар асосида, халқимизга, шу жумладан ёшларимизга бир қатор қулай шароитлар яратилгани, тадбиркорларимизга илгари бўлмаган кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилгани, халқнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлгани, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топилгани давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган алоҳида эътибори ва меҳри ифодасидир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ўтказилган учрашувда барча эзгу ишлар, ҳаётий ислоҳотлар, муҳим ташаббуслар аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди.

Шундан сўнг, иштирокчиларнинг таклиф ва фикрлари тингланиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Учрашув давомида бугунги кунда мамлакатимиз тараққиёти йўлида муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ жамоат фаоллари муносиб рағбатлантирилди.

– Республикамиз раҳбарининг ёзувчи-шоирлар, журналистлар, адабиётчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан учрашувини катта қизиқиш билан кузатиб бордим. Унда айтилган янгиликлар ва олдинда қилиниши белгиланган вазифалар менда катта мамнуният билан бирга, ғурур ҳам уйғотди. Бугунги учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан «Ватан фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирландим. Бунинг учун республикамиз раҳбариятига катта раҳмат айтаман. Кўксимга тақилган бу мукофот менга юксак масъулият юклаш билан бирга, мени янгидан-янги асарлар яратишга чорлайди, – дейди шоир Раваж Отарбоев.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги