Портатив лазерли нур тарқатгичлардан ноқонуний фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади

Технология ривожланиши билан турли электрон ускуналар, жумладан, портатив лазерли нур тарқатгичлар ҳам оммалашмоқда. Бироқ, улардан ноқонуний ёки номувофиқ фойдаланиш жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.
Хусусан, самолётларнинг учиши ёки қўниши пайтида уларнинг экипажига лазер нурлари йўналтирилиши қўниш ёки парвоз жараёнида экипаж диққатини чалғитиб, ҳалокат хавфини оширади.

Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига лазер нурлари йўналтирилиши натижасида кўзнинг вақтинча кўрмай қолиши, бу эса содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олишда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу боис, хорижий давлатларда лазер қурилмалардан фойдаланишни чекловчи қонунлар қабул қилинган.

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида юқоридаги муаммолар тилга олинди.
Мамлакатимизда ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу турдаги қурилмаларни назорат қилиш, уларни лицензиялаш ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини жазолаш бўйича чоралар қаторида мазкур қонун ишлаб чиқилган.

Қонун билан амалдаги қонунчиликка портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш ишлари самарадорлиги ошишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА