«Маҳалла бюджети» тизими ишончни оқлаши керак

6

Қарор ва ижро

Ҳозирда маҳалла идоралари аввалгидек шунчаки одамлар келиб-кетадиган жой эмас, балки аҳоли муаммолари билан манзилли ишлайдиган, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашадиган, одамларнинг ҳар қандай муаммосига ечим топадиган манзилга айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 декабрдаги «Маҳалла бюджети» тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Беруний туманидаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғидан 10 фоизи маҳалла ҳисоб рақамига ўтказиш жорий этилиб, жорий йил январь-декабрь ойлари ҳолатига жами 3,2 миллиард сўм маблағ овул ва маҳаллалар ҳисоб рақамларида шакллантирилди.

Шу маблағлар ҳисобидан 160 нафар фуқарога 724 миллион сўм моддий ёрдам, 79 кам таъминланган оиланинг хонадонларига 3 ва 5 кВт лик жами 860 миллион сўмлик қуёш панеллари қуриб берилди. 560 та кам таъминланган оиланинг хонадонларида майда таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун 180 миллион сўм маблағ ажратилди.

Энг муҳими, юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги, ўз маҳалласи, эл-юртимиз тақдири ва келажагига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги