Илғор фермерлар тақдирланди

Тахтакўпир тумани ҳокимлигида «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими Ж.Адилов, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ў.Жаксимов, туман Фермерлар Кенгаши раиси Э.Муратбаев, соҳага оид муассаса ва корхоналар раҳбарлари, фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими ва соҳа раҳбарлари сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир қатор илғор фермерларга «Илғор фермер» кўкрак нишони ва эсдалик совғаларини топширди.

– Жорий йилда туманимиз бўйича 8619,9 тонна буғдой, 3777,7 тонна пахта, 5367,4 тонна сабзавот, 4077 тонна полиз, 2431,9 тонна картошка ва бошқа маҳсулотлар етиштирилиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўмирбой Жақсимов. – Бундай ютуқларни қўлга киритишда фермерларимизнинг қилган фидокорона меҳнати беқиёсдир. Бугун ана шундай илғор фермерлар гуруҳи «Илғор фермер» кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда. Бунинг учун республикамиз раҳбариятига катта раҳмат айтамиз.
Тадбирда фермерлар ҳам сўзга чиқиб, ўзларига кўрсатилаётган бундай юксак ҳурмат ва рағбат учун туман раҳбарларига миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам шу суръатда меҳнат қилишга ваъда берди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси