Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

52

Давлатимиз раҳбаринг Японияга ташрифи ҳамда “Марказий Осиё + Япония” саммити ҳақида қатор хорижий нашрларда мақолалар чоп этилмоқда. Жумладан, Покистоннинг “Islamabad Post” электрон газетасида “Ўзбекистон-Япония: Стратегик шериклик кенгаймоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда таъкидланишича, 1992 йил 26 январда икки ўлка ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини ривожлантириш мамлакатимиз Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши бўлиб келган. Ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳолда, Тошкент ва Токио ҳозирда сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, инновация, таълим, маданият, туризм ва минтақавий ҳамкорликни қамраб олувчи кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

– Ўзбекистон ва Япония мулоқоти ривожланишининг бурилиш нуқтаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи бўлди, бу йирик қўшма иқтисодий, инвестиция ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишга кучли туртки берди, -дейилади нашрда.

Муаллифнинг ёзишича, ҳозирда Ўзбекистонда Япония капитали иштирокидаги 84 та қўшма корхона фаолият юритмоқда ва мамлакатда нефть-газ, кимё, машинасозлик, логистика, таълим ва туризм соҳаларида иш олиб борувчи 13 та йирик япон компаниясининг ваколатхоналари мавжуд.

Айниқса, икки ўлка муносабатларининг маданий ва гуманитар жиҳатлари алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, Ўзбекистон-Япония дўстлик жамияти, Фукушима-Ўзбекистон уюшмаси ва Япония-Ўзбекистон уюшмаси йигирма йилдан ортиқ вақт давомида фаол фаолият юритиб келмоқда. Тошкентда ўрнатилган Хиросима тинчлик тоши ва пойтахт марказидаги Япон боғи аллақачон халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг рамзига айланган.

Гўзал Сатторова, ЎзА