2026 йилга мўлжалланган Давлат бюджети маблағлари нималарга сарфланади?

Сенаторлар “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Қонуннинг мақсади 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ушбу масала бўйича маъруза қилди.
Қайд этилишича, макроиқтисодий кўрсаткичлар, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиш суратлари ва солиқ-бюджет сиёсатидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 триллион сўм, харажатлари эса 567,6 триллион сўм миқдорида белгиланмоқда. Бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3,0 фоиздан оширмаслик режалаштирилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, 2026 йил учун Давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш тизими билан қамровини кенгайтириш ва сифатли таълимга эга бўлиш каби ижтимоий соҳа мақсадларига устуворлик берилган.

Жумладан, Давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи ёки 220 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Давлат бюджети харажатлари таркибида таълим соҳаси учун 100 триллион сўм назарда тутилган, тиббиёт соҳасига эса 49 триллион сўм йўналтирилиб, жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга оширилмоқда.
Келгуси йилда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

2026 йилда Давлат бюджети харажатлари 402,6 триллион сўм, даромадлари эса 368,9 триллион сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари эса 78,6 триллион сўм, харажатлари 74,4 триллион сўм (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) миқдорида режалаштирилмоқда.
Муҳокама жараёнида сенаторлар бюджет даромадларини ошириш ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.
Сенаторлар ўз чиқишларида 2026 йилда макроиқтисодий сиёсат соҳасида устувор этиб белгилаган вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва давлат дастурларида назарда тутилган бошқа муҳим тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Н.Абдуримова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА