Сенат аъзоларининг фаоллиги, парламент дипломатияси жадаллашгани юртимиз тараққиётига хизмат қилмоқда

8

Мамлакатимиз тараққиётида, айниқса жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларида ҳудудий вакиллик палатаси сифатида Сенат аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Сенат ялпи мажлисида бу алоҳида қайд этилиб, сенаторлар қонунларнинг ижроси, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида мунтазам равишда ҳудудларга ташриф буюрмоқда. Аҳолини ташвишга солаётган муаммоли масалаларни ҳал қилишга эътибор қаратаётир.

– Халқ билан мулоқотда фуқаролар томонидан кўтарилган ҳамда  жойларда ўрганишлар давомида аниқланган жами 200 дан ортиқ муаммоли масалаларни ҳал қилиш чоралари кўрилди, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Қатор масалалар республика даражасида ҳал этилиши талаб этилгани туфайли сенаторлар томонидан Ҳукумат, масъул вазирлик ва идоралар олдига қўйилиб, тегишли чоралар кўришга эришилмоқда. Жумладан, жойларда ўрганишларда аниқланган долзарб масалалар парламент сўрови орқали Ҳукумат ва масъул вазирликларга киритилмоқда. Жорий йил давомида айнан шундай тарзда тўққизта парламент сўрови юборилди.

Президентимиз томонидан йил бошида белгилаб берилган коррупцияга қарши курашиш ва криминоген вазиятни яхшилаш соҳасидаги вазифалар ижроси назоратга олинган. Сенат аъзолари А.Эшмуродов ва Қ.Бурхонов бошчилигидаги ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар йил бошидан республиканинг деярли барча ҳудудларида бўлиб, коррупциявий омилларни аниқлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ўрганишлар ўтказди.

Натижалари жойларда республика ва ҳудуд масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, ҳар бир ҳудуд бўйича коррупциявий омилларни камайтириш ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича алоҳида “йўл хариталари” қабул қилинди. Биттадан туманда намунавий тарзда “коррупциядан холи ҳудуд” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ўрганишлар ва муҳокамалар натижасида соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда. Жумладан,  коррупциявий омилларни камайтиришга қаратилган тўртта норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Мажлисда парламент дипломатияси жадал ривожланаётгани таъкидланди. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси парламентлари саммити муваффақиятли ўтказилди.

Унда Корея ва минтақамиз ўртасидаги ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, ижобий натижалар бўйича тажриба алмашилди.

Иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва саноатни ривожлантириш орқали минтақада фаровонликка эришиш йўллари, шунингдек, барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир ташаббусларни амалга оширишга қаратилган қўшма декларация қабул қилинди.

Мазкур форматлар доирасидаги саъй-ҳаракатлар, ташаббуслар жамият ва давлат тараққиёти ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг янада фаоллашувига ва конкрет натижаларга эришилишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА