Сенат Раиси: Ўзбекистон глобал барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидан дадил бормоқда

Сенат Раиси Танзила Норбоева 2025 йил якунига етиб бораётгани, бу йил мамлакатимизда жадал ўзгариш ва янгиланиш жараёнларига бой бўлганини таъкидлади.
Ислоҳотлар марказида инсон тургани боис, асосий эътибор барча ҳудудларни ривожлантиришга қаратилмоқда. Муҳими, юртимизда реал ўзгаришлар намоён бўлмоқда.
– Давлатимиз раҳбари доимий равишда ҳудудларга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ўзгаришлар билан бевосита танишмоқда, – деди Т.Норбоева. – Ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича масъулларга муҳим вазифаларни белгилаб бермоқда. Камбағалликни қисқартириш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш каби устувор йўналишлардаги амалий ҳаракатлар жадаллашиб бормоқда. Жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди. Камбағаллик 6 фоизгача камаймоқда. Жорий йилда илк бор 1 минг 435 маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди. Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мақсад қилинган. Янги, замонавий уй-жойлар, ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма иншоотлари барпо этилиб, аҳоли ва тадбиркорлар учун янада қулай шароитлар яратилмоқда.

Соҳа ва тармоқларни замон талаблари асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Айниқса, иқтисодий тараққиёт ва аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омили бўлган энергетика тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
5 декабрь куни Президентимиз бошчилигида тантанали суръатда 42 та энергетика объекти ишга туширилгани (қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро электр станциялар) ҳамда навбатдаги 21 тасининг қурилишига старт берилгани – миллий энергетика тармоғи салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги кенг кўламли амалий ишларнинг ёрқин далили бўлди.
Мазкур қувватларнинг тўла ишга тушиши натижасида келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 миллиард киловатт-соатга етади ва аҳолининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланишига хизмат қилади.
– Мазкур лойиҳаларнинг экологик аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. Боиси, тоза энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади. Бу эса, глобал барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатимиз уларга эришиш йўлидан дадил бораётганининг амалий ифодасидир, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА