Миллий қадрият ва меросларимизни мустаҳкамлаш йўлидаги янги босқич

Муносабат
Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий маданий меросларимизни асраб-авайлаш ва тараққиёт талаблари асосида ривожлантириш, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятига муносиб тарзда тақдим этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида берилган топшириқлар халқимизнинг асрлар давомида етиб келган бебаҳо маданий меросини асраб-авайлаш, уни янги босқичга олиб чиқиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасида муҳим ҳаракатларга йўл очди.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигида олиб борилаётган тизимли ва амалий ишлар бугун ўзининг яққол натижасини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 8-13 декабрь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси доирасида Қорақалпоғистон халқи учун тарихий аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилинди.
Ушбу сессияда «Қўбиз ясаш ва ижрочилик санъати» ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросини зудлик билан муҳофаза қилиш рўйхатига киритилган бўлса, қорақалпоқ халқининг «Қорауй»и «Қирғиз, Қозоқ ва Қорақалпоқ ўтовларини барпо этишга оид анъанавий билим ва кўникмалар» қаторида ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатидан муносиб ўрин олди. Ушбу қарорлар кўп миллатли Қорақалпоғистон, бутун Ўзбекистон халқи учун чексиз қувонч ва ғурур-ифтихор манбаига айланди.
Қўбиз – туркий халқлар тарихида энг қадимий чолғу асбобларидан бири бўлиб, унинг илдизлари минг йилларга бориб тақалади. Асрлар давомида қўбиз жировлар ва бахшилар қўлида эпик достонлар, халқ тақдири, орзу-интилишлари ва маънавий қудратини акс эттирувчи муқаддас чолғу сифатида янграб келган. Қорақалпоқ жировчилигида қўбиз нафақат мусиқа асбоби, балки сўз, куй ва руҳ уйғунлигини таъминловчи бадиий-руҳий восита ҳисобланади.
Қора уй – қорақалпоқ халқининг кўчманчи ва ярим кўчманчи турмуш тарзига мослашган анъанавий турар жой шакли бўлиб, 6, 8, 12 қанотли бўлиши билан бошқа халқларнинг ўтовларидан ажралиб туради.
Кўп қанотли қора уйлар табиат шароитига мос қурилган ва уларнинг ҳар бири аҳолининг ижтимоий ҳаёти, оилавий тартиб, меҳмондўстлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарини мужассам этиб, асрлар давомида шаклланган ижодий ва меъморий тафаккурнинг ёрқин намунасидир.
ЮНЕСКО томонидан ушбу икки ноёб мероснинг халқаро миқёсда эътироф этилиши уларнинг тарихий, маънавий ва маданий қийматини янада ошириб, келгусида илмий тадқиқотлар, таълим дастурлари, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, шунингдек, халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади. Бу эса ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, бу Қорақалпоқ халқи учун ҳам чуқур маънавий масъулиятни юзага келтиради: авлодлардан қолган меросни асраб-авайлаш, уни ривожлантириш ва келажакка етказиш ҳар бир қорақалпоқ оиласи ва жамоамиз учун муқаддас бурчдир.
Халқимизнинг миллий қадриятлари, маданий меросини кўз қорачиғидек асраш ва келажак авлодларга етказиш – «Миллий тикланиш» демократик партиясининг асосий вазифаларидан бири бўлиб, партиямизнинг дастурий мақсадларида миллий ўзликни мустаҳкамлаш, тарихий меросни муҳофаза қилиш, унинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш масалалари алоҳида ўрин эгаллайди.
Таъкидлаш жоизки, бу борада қонунчилик фаолияти ҳам изчил такомиллаштирилмоқда. Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни давлат рўйхатига олиш, қўллаб-қувватлаш механизмларини кучайтириш, соҳада фаолият юритаётган усталар, санъаткорлар ва ижод мактабларини рағбатлантиришга қаратилган ҳуқуқий нормалар ишлаб чиқилмоқда.
Ўз навбатида, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган мерос объектлари қонунчилик ташаббусларини янада кенгайтириш, соҳани комплекс ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда, ўзларининг истеъдоди, маҳорати ва меҳнати орқали халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаб, авлодлар ўртасида бой анъаналаримизни мустаҳкамлаб келаётган жировлар, қўбиз усталари ва қора уй чеварларига мана шу юксак масъулиятни елкаларида кўтариб, халқимизнинг бой санъатини, миллий меросини келажак авлодларга етказиш каби масъулиятли ишларида муваффақиятлар тилаймиз.
Руслан Жумамуратов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги