Нон таъми

Мулоҳаза
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега нон ҳеч қачон одамнинг бадига тегмайди? Инсон энг зўр, энг мазали, ҳатто энг тансиқ таомлардан ҳам юз ўгириши мумкин, аммо нондан воз кеча олмайди. Чунки, нон– муқаддас, илоҳий неъмат, унда илоҳий таъм бор. Уни бир бор татиган киши умрбод унутолмайди. Чунки нон фақат қорин тўйдирмайди, балки инсон қалбига ором, руҳига таскин беради.
Азал-азалдан халқимиз нонни улуғлаб келган. Ерга тушган нон ушоғини кўзга суртиш, уни ҳурмат билан юқори қўйиш, исроф қилмаслик– буларнинг барчаси нонга бўлган чуқур эҳтиром белгиси. Чунки ҳар бир бурда нон ортида қанча меҳнат, қанча дуо, қанча умид ва сабр бор. Нон – деҳқоннинг пешона теридан, она дуосидан, қуёш нуридан ва ернинг баракасидан яралади.Унинг ҳиди болаликни, унинг таъми она уйини, унинг тафти меҳр-оқибатни эслатади. Бир бурда нон эса баъзан инсонга бутун бошли таомдан кўра кўпроқ қувват беради Илоҳий таъм дегани ҳам шунда: нонни сидқидилдан шукрона билан еган инсон ҳаётнинг қадрини ҳис қила бошлайди.Очлик нима эканини билган киши учун нон бойлик,тинчлик ва бахт рамзидир. Шунинг учун ҳам нон бор уйда барака бор, нон бор жойда умид бор, дейилади.
Бугунги кунда фаровонлик ичида яшаб, баъзан ноннинг қадрини унутиб қўяётган бўлишимиз мумкин. Аммо унутмаслигимиз керакки, нонга бўлган ҳурмат инсонга бўлган, меҳнатга, ҳаётга бўлган ҳурматдир.Нонни азиз тутган халқ ҳеч қачон хор бўлмайди. Шу боис ҳар биримиз дастурхонга қўйилган нонга шукрона билан боқайлик, уни исроф қилмайлик. Болаларимизга ҳам ноннинг муқаддаслигини ўргатайлик.Чунки нон ҳаётнинг ўзи, илоҳий неъматнинг энг содда, аммо энг буюк кўринишидир.

Нонда илоҳий бир таъм бор. Уни бир марта ҳис этган киши умрбод эслаб қолади…
Ўспиринлик чоғимда– ўтган асрнинг 60-йилларида, янглишмасам, 8-9 синфда ўқиган кезлар эди. Нурота тоғ тизмалари бағрида жойлашган Қўшилиш қишлоғида яшовчи холамникига бордим. Таниқли шоир, кўп йиллар “Ўзбекистон овози” газетасига бош муҳаррирлик қилган устоз журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн шу қишлоқда туғилиб ўсган. Пойида қайнар булоқлару шарқираган сойлари, бош узра савлат тўкиб турган пурвиқор қоялару чўққиларга ром бўлиб турсам, холамнинг Қўчқор исмли қўшниси келиб қолди.
–Эртага овга чиқаман, мен билан борасанми?
Гарчи қўлимга бирор марта ов қуроли ушламаган бўлсам-да, бу таклифга жон-жон, деб рози бўлдим.
Тонг саҳарда баланд чўққилар сари йўл олдик.Елкамизда биттадан милтиқ. Дарвоқе, у пайтларда ов учун ҳам, қурол учун ҳам ҳозиргидек тақиқлар йўқ эди. Бир соатдан мўлроқ юрганимиздан сўнг Бешбармоқ чўққилари рўпарасидаги баланд қояга етдик ва у жойда ўсаётган улкан арча дарахти ёнида тўхтадик. Қўчқор аканинг айтишича, унинг тагида олқорлар ҳордиқ олиб, кейин турли томонларга тарқалишар экан.
Биз ҳам бироз дам олгач, шу кунги озиғимиз – битта нон тугилган белбоғни арчанинг баланд, ёввойи ҳайвонлар чиқолмайдиган шохига илиб қўйдик. Кейин олқорлар изига тушдик. Афсуски, овимиз бароридан келмади, олқорлар галасини фақат олисдан кўрдик, холос. Уларнинг изидан қувиб, узоқлаб кетганимизни сезмай қолибмиз. Ов ишқини қарангки, вақт ҳам тез ўтибди– бир пайт қарасак, қуёш тепамизда турибди. Ортга қайтдик.Бир қир, икки қир, уч қир ошдик, лекин белбоғ илинган арча кўринмасди. Қорним таталаб, ҳолдан тоя бошладим. Бир амаллаб яна бир қир ошдик: арча кўринмади. Батамом ҳолсизланиб судралиб қолдим. Ҳолимни Қўчқор акага билдирмаслик учун, тишимни тишимга қўйиб, унинг ортидан жон-жаҳдим билан интилардим. Бир гал кўзим тиниб гандираклаб кетдим. Юқорига чиқиш шу қадар азоб эдики, бамисоли елкамда тоғдай оғир юк борга ўхшарди.
Ва ниҳоят арча кўринди. Шу дам менга у оддий дарахт эмас, бамисоли нажот қалъасидай бўлиб туюлди. Қўчқор ака нон ўралган тугунчани арча шохидан ечиб олди-да, улкан қоя пойида қайнаб чиқаётган булоқ сари йўналди.Кейин белбоғдаги нонни 7–8 бўлаклаб ўша булоқ кўзига ташлади ва ўн қадамча нарига бориб, ариқча бўйидаги ўтлоққа чордона қуриб ўтирди.Чамаси ярим соатларда, арча шохида туриб тоғ шамолидан нами қочиб қотган нонимиз булоқ сувини шимиб, мағизлари оппоқ бурқсиган ҳолда ёнимизга сузиб келди.Очликдан силлам қуригани сабабли мен уни шундай интизор кутдимки, ўша ярим соат нақ асрга чўзилгандай бўлди.
Булоқ сувида обдон ивиб оқиб келган ноннинг бир бўлагини оғзимга солганим ҳамон вужудимга қандайдир титроқ таралди. Мен умримда биринчи марта шундай мазали нон едимки, унинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган таъми оғзимда абадий қолгандай бўлди. Бу тотли таъмни ҳамон эслайман. Энди билсам, у муқаддас неъматнинг илоҳий таъми экан!
Норбобо Шакаров, ЎзА