Тадбиркорлик соҳасидаги 1 600 дан ортиқ маъмурий талаблар бекор қилинди

12

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган таклифлар асосида Ҳукумат қарори билан тадбиркорлик фаолиятига доир 1 600 дан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилинди.

Қайд этилишича, бундай кенг кўламдаги чекловларни бекор қилиш илк бор амалга оширилмоқда. Хусусан, ветеринария хизмати назорати остидаги 1 568 та товар позицияси бўйича маҳсулотга мувофиқлик сертификати олиш талаби бекор қилинди. Шунингдек, туризм хизматлари кўрсатишда мазкур фаолиятга хос бўлмаган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ортиқча чекловлар олиб ташланди.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан импортни амалга оширишда товар қийматига қўйилган 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги чеклов, туристларга уй-жойни 30 кунгача ижарага бериш, шунингдек, ёғочдан мебель тайёрлашга оид айрим талаблар ҳам бекор қилинди.

Натижада тадбиркорларнинг маъмурий органлар билан муносабатларидаги ортиқча бюрократик тўсиқлар қисқартирилиб, уларнинг харажатлари, вақти ва ресурсларини тежашга эришилади.

Маълумот ўрнида, айни пайтда Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига 36 мингдан ортиқ талаблар киритилган бўлиб, Адлия вазирлиги томонидан соҳалар кесимида ушбу талабларни босқичма-босқич қисқартириш ва тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

ЎзА