Кутубхоначиларнинг маҳорати синовдан ўтказилди

26

Китоб ўқиш, нашр этиш ва келажак авлодни китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борадаги эзгу ишлар таълим соҳасида алоҳида кўзга ташланмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларнинг давоми сифатида умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган кутубхона мудирларининг касбий маҳоратини ривожлантириш, уларнинг ўз устида ишлаши учун имконият яратиш, китоб ўқишга қизиқишини ошириш ва янада такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ишларини мувофиқлаштириш, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ижодий фаоллигини ошириш мақсадида вазирлик ташаббуси билан мактаб кутубхона мудирлари ўртасида танловнинг туман (шаҳар) босқичи ўтказилган эди.

Танловга туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган 15 та умумтаълим мактаби кутубхона мудирлари Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ўзаро беллашди. Танлов шартларининг бажарилиши ҳакамлар томонидан адолатли баҳоланиб борилди, унда Мўйноқ тумани 4-сонли умумтаълим мактаби кутубхона мудири П.Карабекова биринчи, Қонликўл тумани 22-сонли умумтаълим мактаби кутубхона мудири Д.Давлетбаева иккинчи, Тахиатош тумани 16-сонли умумтаълим мактаби кутубхона мудири Г.Бекетовалар учинчи ўринларни эгаллади.

– Ёш авлодга китоб ўқишни ўргатиш ва уларнинг қизиқишини ошириш учун аввало устозлар ва кутубхоначилар чуқур билимга эга бўлиши керак. Муҳтарам Президентимиз томонидан китобхонликни ошириш бўйича кўплаб имкониятлар, шароитлар яратиб берилмоқда. Биз бу имкониятлардан ўринли фойдаланиб, келажак авлодни ижтимоий тармоқлардан ноўрин фойдаланишига йўл қўймасдан, уларни китобхонлик маданиятига ўргатиб борсак, яхши натижаларга эришамиз, – дейди танловнинг биринчи ўрин ғолиби П.Карабекова.

Танлов якунида ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

                                                                     Қорақалпоғистон ахборот агентлиги