Юридик таълим: халқаро стандартларга мос ҳуқуқшунос кадрлар тайёрланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон ижросини таъминлаш, юридик таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетида “Юридик таълимдаги ислоҳотлар – оммавий ахборот воситалари нигоҳида” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган брифингда Тошкент давлат юридик университети ректори Бахшилло Хўжаев фармоннинг мазмун-моҳияти, юридик таълим тизимини тубдан такомиллаштиришдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Юридик таълим ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, университет олдида турган вазифалар ҳамда замонавий, халқаро стандартларга мос ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Университетда халқаро ҳамкорлик, қўшма таълим дастурлари ва халқаро рейтинглар бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Ўқув жараёни рақамлаштирилмоқда.
Иштирокчилар регистратор офиси фаолияти, талабалар учун яратилган қулайликлар, университетдаги трансформация жараёнлари билан танишди. Ўқув-услубий бошқарма, ахборот-ресурс маркази, имтиҳон хоналари, “Тсул шоп”, спорт зали, суд зали, ситуацион марказ, юридик клиника, атоқли ҳуқуқшунослар номидаги хоналар ҳамда қатор кафедралар фаолияти тадбир иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.
Жараёнда университетда яратилган замонавий инфратузилма, таълим жараёнининг шаффофлиги ва талабаларга кўрсатилаётган хизматлар амалий мисоллар орқали кўрсатиб берилди.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар таассуротлари билан бўлишди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволлар жавоб олди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА