2026 йил 1 апрелдан баъзи тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2030 йилга қадар яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;
б) савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш;
в) иқтисодиётнинг расмий секторида банд аҳолининг жами иқтисодий фаол аҳолига нисбатан улушини 64 фоизга етказиш;
г) Иқтисодий эркинлик индекси ва Коррупцияни идрок қилиш индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрни камида 30 поғонага кўтарилишига эришиш.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
а) давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
б) электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно);
в) алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
г) транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини зарядлаш бўйича хизматлар;
д) қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар (бундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мустасно);
ж) кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш. Бунда:
олди-сотди шартномалари бўйича сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китоблар банк ва нотариал органларнинг ахборот тизимлари ўртасидаги маълумот алмашинуви орқали амалга оширилади (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно);
шартномаларни нотариал тартибда расмийлаштириш учун тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари томонидан электрон ахборот алмашинуви воситасида тўловни тасдиқловчи маълумотлар асос бўлади.
Марказий банк 2026 йил 1 январга қадар барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR кодни жорий қилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб:
барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланади;
ягона QR кодлардан фойдаланилмаётганлиги савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.
ЎзА