Табиатга эҳтиром мактабдан бошланади

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасининг Нукус филиали томонидан Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган турли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Яқинда жамғарма яна бир хайрли ишга қўл уриб, ёш авлод қалбида табиатга меҳр, масъулият ва ватанпарварлик туйғуларини уйғотувчи ташаббусни амалга оширди.
Ёш авлодни яшил келажак йўлида бирлаштиришни мақсад қилган жамғарманинг молиялаштириши билан Нукус шаҳри Ақ жағис МФЙдаги 2-сонли умумий таълим мактаби атрофида «Мактаб боғи» яратилди. Бу боғ – ёш авлод учун маънавий ва экологик тарбиянинг янги марказига айланиши билан бирга, мактаб ўқувчиларининг она заминга меҳрини уйғотиш, уларни яшил муҳит билан яқиндан таништириш, экологик маданиятни чуқур англаш имкониятини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли, албатта.
Мактаб боғининг яратилиши билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасининг Нукус филиали, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги томонидан экологик акция ташкил этилди.
Акция доирасида дастлаб мактаб атрофи ободонлаштирилди. Боғ ораларини суғориш учун ер ости қудуқлари қазилиб, насос ўрнатилди. Мевали ва манзарали 200 туп гилос, олхўри, олма каби дарахт кўчатлари ўтқазилди. Боғни суғоришда ерости сувларидан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий қуёш панели барпо этилди. Бу орқали ўқувчилар энергияни ва сув ресурсларини тежашни англаб етади.
Лойиҳанинг мақсади – мактаб атрофини кўкаламзорлаштириш билан бирга, ёшларнинг экологик билимини ошириш, келажак авлоднинг атроф-муҳитга бўлган муносабати ва масъулиятини кучайтиришдан иборат.
– Мактаб боғида ўқувчилар томонидан экилган ҳар бир кўчатда табиатга меҳр, инсонга эътибор ва келажакка умид мужассам. Бу боғда экилган ҳар бир кўчат, қуёшдан қувват олган ҳар бир томчи сув ўқувчилар қалбида табиатга меҳрни кучайтиради, – дейди мактаб директори Б.Юсупова. – Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиалининг ушбу ташаббуси мактаб жамоасига катта масъулият юклайди. Илгари стадион ўрни бўлган бу жойнинг аҳволи анча ночор эди. Энди мактаб атрофи бутунлай бошқача қиёфага эга бўлди. Инсон қўли ва эзгу нияти билан қаровсиз қолган ер майдони яшил боққа айланиб, мактаб атрофи келажакка умид боғлаб турган яшил боққа айланди.

Филиал томонидан бу борадаги чора-тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги