Хорижликлар даволаниш учун Ўзбекистонни танламоқда

Бугунги кунда юртимизда тиббиёт тизимини янада ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, беморлар учун қулайлик, шифокорлар учун самарадорлик, давлат учун эса шаффофлик ва тежамкорликни таъминлаш учун муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада Ўзбекистон тиббиёт тизимининг нуфузи ошиб, нафақат Ўрта Осиёда, балки жаҳонга танилмоқда.
Хусусан, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида жами 75 минг 666 нафар чет эл фуқаролари даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келган.
Жумладан, Тожикистондан 53 минг 45 нафар, Қирғизистондан 13 минг 38 нафар, Қозоғистондан 6 минг 979 нафар, Россиядан 1 минг 709 нафар, Афғонистондан 533 нафар, Туркманистондан 215 нафар, Туркиядан 43 нафар, АҚШдан 15 нафар, Хитойдан 14 нафар, Озарбайжондан 10 нафар ҳамда бошқа давлатлардан 65 нафар фуқаро юртимизга даволаниш учун келган.
Тиббий ташкилотларни лицензиялаш ва аккредитация қилиш маркази маълумотларига кўра, 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда 124 та янги тиббий клиника очилди.
Энг кўп янги клиникалар пойтахтимизда, Тошкент, Андижон, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида очилди.
Ҳозирда Ўзбекистонда тахминан 9000 та нодавлат тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Бу эса мамлакатимизда хусусий тиббиёт секторининг ривожланиш босқичи самарали кечаётганини билдиради.
Гулноза Бобоева, ЎзА