Ўзбекистон ва Парагвай ҳамкорлиги минтақаларни боғловчи муҳим кўприкка айланади

Хабар берилганидек, Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Олий мартабали меҳмон Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғи, Олимпия шаҳарчаси ҳамда Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнлари билан бевосита танишди.
Президент Сантьяго Пенья Ислом цивилизацияси марказига ташрифига алоҳида тўхталиб, қуйидаги фикрларни билдирди.
– Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам беқиёс ва катта тарихга эга эканини яна бир бор ҳис этдим. Бу беш минг йиллик тараққиётни қамраб олган улкан цивилизациядир. Бир миллатни англаш учун, аввало, унинг тарихини билиш зарур. Бу ерда биз тарих билан юзма-юз бўлдик. Илм-фан ва маданият ривожига жаҳон миқёсида улкан ҳисса қўшган кўплаб кашфиёт ва билимлар айнан шу заминда юзага келган. Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги унинг тарихий мероси, илмий анъаналари ва маданий уйғонишларидир. Аниқ фанлар ва тиббиёт каби йўналишлардаги илк илмий асослар ҳам айнан шу ерда шаклланган. Бу жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг тан олиниши лозим.
Парагвай раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев билан мулоқот чоғидаги таассуротларини ҳам баён этди.
– Давлатингиз раҳбарининг кучли лидерлик фазилатлари, кенг қамровли дунёқараши ва Марказий Осиёдаги стратегик ўрнини яқиндан ҳис этдим, – деди Сантьяго Пенья. – У киши доно сиёсатчи, қатъиятли раҳбар ва халқ манфаатини устувор қўядиган давлат арбобидир. Ўзи белгилаган мақсадларни амалга оширишда фидойилик ва талабчанликни намоён этади.
Юртингиздаги инновацион лойиҳалар ва инфратузилмавий ўзгаришлар эътиборга молик. Олимпия шаҳарчаси ва бошқа объектлардаги янгиликлар менда катта таассурот қолдирди. Бу ҳақиқатан ҳам ўзига хос, ривожланиш сари дадил интилаётган юрт.
Шавкат Мирзиёев билан ўрнатаётган ҳамкорлик нафақат икки давлат манфаатларига, балки ўзаро боғлиқ минтақаларимиз тараққиётига хизмат қилади. Ишонч билан айта оламан, бу муносабатлар мустаҳкам, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг пойдеворига айланади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА