Ўқотар қуроллар муомаласи устидан давлат назорати кучайтирилади
Давлатимиз раҳбарининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигида мутасадди вазирлик ва идоралар, жумладан, барча ҳуқуқ-тартибот органлари масъул раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда шу масалага эътибор қаратилди.

Тадбирда фармонда белгиланган вазифаларнинг ижросини самарали ташкил этиш, жумладан, ўқотар қуроллар муомаласи устидан давлат назорати самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар, идоралараро ҳамкорлик механизмларини кучайтириш, соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилди.

Соҳада мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш зарурати атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза вa таклифлар асосида 2026 йил учун мўлжалланган амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб олинди.
Мазкур дастур фармонда назарда тутилган устувор йўналишларни комплекс тарзда амалга ошириш, соҳага оид ишларни тизимли равишда давом эттиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА