Рейд тадбирлари ўтказилмоқда

Мажбурий ижро бюроси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўртасида “Қўшма кўрсатма” га асосан, махсус ишчи-гуруҳлар тузилган бўлиб, улар томонидан “AutoCon-SC/M-online” ва “Планшет” мосламалари ёрдамида шаҳар ва туманларнинг марказий кўчаларида ҳамда ҳудудий йўл-патруль хизмати стационар постларида рейд тадбирлари мунтазам равишда ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ходимлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш ҳисобланади. Бунда улар томонидан фойдаланилаётган “AutoCon-SC/M-online” ва Бюро ходимлари томонидан фойдаланилаётган “Планшет” мосламаларида йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахслар ва уларга тегишли автомашиналар тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда кўринадиган бўлиб, ушбу мосламалар ёрдамида шаҳар ва туманлар кўчаларида ҳаракатланиб келаётган автотранспорт воситаларида қарздорлик мавжуд ёки мажуд эмаслиги аниқланади.

Шундай тадбирлар Элликқалъа ва Тахиатошда ҳам ўтказилаётган бўлиб, унда қарздорлиги мавжуд бўлган автомашиналар дарҳол тўхтатилиб, махсус жарима майдончаларига йўналтирилади. Қарздорлик қопланмаган тақдирда ундирув ушбу автомашиналарга қаратилиб, автомашиналарни аукцион савдоларига чиқариб сотишга қадар ижро ҳаракатлари олиб борилади. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида автомашина бошқарувчиларидан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш сўралади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги