Аграр ислоҳотлар – Янги Ўзбекистоннинг стратегик таянчи

2

14 декабрь – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида Ўзбекистоннинг аграр саҳифаларини варақлар эканмиз, биз шунчаки иқтисодий ўзгаришлар ҳақида эмас, балки давлатнинг стратегик ёндашувлари ва ижтимоий адолат тамойилларининг заминдаги амалий ифодасига гувоҳ бўламиз. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар шиддати  бу шунчаки ҳосилдорликни ошириш эмас, балки аграр муносабатларнинг бутун тизимини қайта қуриш, ернинг ҳақиқий эгасини топиш ва деҳқон манфаатини давлат сиёсатининг марказига қўйиш демакдир.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Кўксарой қароргоҳидаги учрашувда бу мақсадларни аниқ белгилаб берди: “Асосий мақсад – ернинг ҳақиқий эгасини топиш, деҳқон манфаатини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини юқори даромадли соҳага айлантиришдан иборат”. Бу эндиликда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг оддий бир тармоғи эмас, балки аҳолининг фаровонлиги ва минтақавий барқарорликнинг калити эканини англатади. Ўзгаришларнинг фундаментал негизи – бу ерга бўлган муносабатни ўзгартириш бўлди. Илгариги давлат режаларидан бутунлай воз кечилиб, ташаббус ва иқтисодий самарадорликка асосланган бозор механизмлари жорий этилди.

Бу ислоҳотларнинг энг муҳим сиёсий-иқтисодий таянчи – қишлоқ хўжалиги кластерлари тизими. Бу тизим мамлакатни хомашё етказиб берувчи мақомдан халос этиб, уни юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарувчи саноат давлатига айлантириш йўлидаги улкан қадам бўлди. Масалан, пахта-тўқимачилик кластерлари туфайли Ўзбекистон пахта толасини экспорт қилишдан уни юртимиз ичкарисида қайта ишлаб, кийим-кечак ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини жаҳон бозорларига – 83 та хориж давлатига чиқармоқда. Эришилган натижаларнинг рақамлари бу ислоҳотларнинг нақадар самарали бўлганини яққол кўрсатади. Жорий йилда 3,5 миллиондан зиёд қишлоқ хўжалиги ходими фидокорона меҳнати билан рекорд натижаларга эришди: пахтачиликда илк бор ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етиб, 4 миллион тоннага яқин хирмон яратилди. Ғаллакорларимиз ҳар гектардан 85 центнер ҳосил олиб, 8 миллион 400 минг тонна хирмон кўтарди. Озиқ-овқат экспорти 37 фоиз ўсиб, йил якуни билан илк бор 3,2 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Бундай юксалиш, Президент таъкидлаганидек, деҳқон ва фермерларимиз, кластерлар, умуман, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳар бир инсоннинг меҳнати, жасорати, фидойилигининг беқиёс натижасидир.

Бироқ бу тараққиёт йўлида сиёсий иродани талаб қилувчи долзарб муаммолар ҳам мавжуд. Энг асосий стратегик таҳдид – сув ресурсларининг танқислиги. Давлат раҳбарининг қатъий талаби шуки: “Сув – ҳаёт манбаи. Биз ҳар бир томчи сувни қадрлашимиз, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишимиз шарт. Акс ҳолда, эртанги кунимиз қийин бўлади”. Шу сабабли, келгуси йилда сув тежайдиган технологияларни (асосан, томчилатиб суғориш тизимини) жорий этишга 2 триллион 600 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди. Бундан ташқари, экин майдонларидан ўтган 70 минг километр узунликдаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, бу мақсадлар учун 100 миллион доллар ажратилиши  ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишга қаратилган стратегик чорадир.

Келгуси давр учун белгиланган вазифалар  тизимни янада мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсий дастур ҳисобланади. Энг аввало, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига алоҳида урғу берилган. Президентнинг: “Илм ва изланиш бўлмаган соҳада ривожланиш ҳам, юксалиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди”, деган сўзларидан келиб чиқиб, Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилмоқда. Ушбу академия фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантиришга масъул бўлади. Кадрлар салоҳиятини ошириш учун:

Аграр университетнинг 180 нафар талабаси дуал таълим асосида илғор кластерларда амалиёт ўтайди; Фермерлар фаолиятига янгиликлар олиб кирган ёш агрономларга 2 минг доллардан ойлик тўланади; Мирзачўлда инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилиниб, минг нафар фермер чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади.

Фермерларни қўллаб-қувватлаш эса сиёсий ишонч ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг асосидир. 2026 йил давомида деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлашга 35 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган. Пахта ва ғалла йўналишидаги фермерлар рейтинги юритилиб, уларнинг рейтингига қараб, имтиёзли кредит ставкалари пахта учун 8 фоиз, ғалла учун 10 фоиз қилиб белгиланмоқда. Субсидия ажратиш жараёнини кескин соддалаштирувчи Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилиб, келаси йилда бу орқали 2 триллион 200 миллиард сўмлик субсидия берилади, бунда субсидия олиш вақти 1 ойдан 15 кунга қисқаради.

Бундан ташқари, чорвачиликни ривожлантириш учун 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки олиб келиш, импорт қилинган наслдор қорамол учун субсидияларни яна 5 йилга узайтириш режа қилинган. Балиқчиликда эса наслчилик марказлари ташкил этилиб, наслдор она балиқ олиб келиш харажатининг ярми қоплаб берилади. Янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш, эскиларини янгилаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинади, интенсив боғ ташкил қилиш учун 7 йилга 14 фоизли кредит берилади. Бу чораларнинг барчаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадига хизмат қилади. Ниҳоят, ҳосилни ихтиёрий суғурталаш пахта, ғалла ва иссиқхона маҳсулотларидан бошланиши, бунда суғурта учун тўловнинг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши соҳадаги хавфсизлик ва барқарорликни оширади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар нафақат иқтисодий ислоҳот, балки мамлакатнинг янги сиёсий ва ижтимоий тақдирини белгилаб берувчи асосий пойдевордир. Бугунги кундаги аграр ютуқларнинг ортида, аввало, тақиқланган режалар зулмидан халос бўлиш ва ерга нисбатан ҳақиқий эгалик туйғусини тиклашдек сиёсий жасорат ётибди. Деҳқон ва фермернинг манфаати давлатнинг устувор мақсадига айланмас экан, барака ҳам, тараққиёт ҳам бўлмаслиги тарихдан олинган энг катта сабоқдир.

Фермерлар ва кластерларнинг фидокорона меҳнати, давлатнинг тизимли ёндашуви ва Президентнинг: “Бизнинг асосий бойлигимиз – ер, сув ва меҳнаткаш халқимиз. Ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, халқимиз дастурхонини тўкин, ҳаётини фаровон қилиш – энг муҳим вазифамиздир”, деган олий мақсадга содиқлик  бугунги ва эртанги кунимизнинг кафолатидир. Эндиликда мақсад  фақат ўзимизни тўйдириш эмас, балки жаҳон бозорида бизнинг маҳсулотимиз билан ҳисоблашишларини таъминлашдир.

Қишлоқ хўжалиги ходимларининг заҳматли меҳнатига тасанно айтар эканмиз, Янги Ўзбекистон агрокомплекси очиқ бозор муносабатлари, илм-фан ютуқлари ва янгича бошқарув тизимларига асосланиб, мамлакатни глобал озиқ-овқат занжирида мустаҳкам ўринга олиб чиқишга қодир эканига қатъий ишонамиз. Ер, сув ва илм-фан уйғунлигига асосланган бу тизим  Янги Ўзбекистон стратегик муваффақиятининг ёрқин кўриниши ва келажакдаги бехавотир ҳаёт гаровидир.

Аловаддин Ғаффоров, ЎзА