«Марказий Осиё янги давр остонасида» мақоласи кенг муҳокама қилинди

14

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё янги давр остонасида» мақоласининг аҳамиятини чуқур таҳлил қилишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида профессор-ўқитувчилар, талабалар ва соҳанинг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган мутахассислар мақолада илгари сурилган ғоя ва тамойилларнинг бугунги минтақа ҳаёти учун қандай долзарб аҳамиятга эга эканини муҳокама қилишди.

Йиғилишни филиал директорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Гулмурат Хожаметов очди. У ўз нутқида Президентимиз мақоласида белгилаб берилган минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва гуманитар йўналишлардаги интеграция жараёнларини янада ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни сақлаш каби устувор вазифаларни таъкидлаб ўтди.

Тадбир иштирокчилари асосий эътиборни мақоладаги “янги давр остонаси” ибораси мазмунига қаратдилар. Жумладан, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси раиси Ж. Аяпов минтақада кечаётган геосиёсий жараёнлар, транспорт-коммуникация йўлакларининг кенгайиши ва иқтисодий алоқаларнинг янги босқичга кўтарилиши мамлакатлар ривожи учун катта имкониятлар яратаётганини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда филиалнинг касаба уюшмаси раиси С. Сапарниязов ўз чиқишида мақоланинг ижтимоий-гуманитар жиҳатларига эътибор қаратиб, айниқса, ёшлар тарбияси, уларда ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик ғояларини мустаҳкамлаш масалалари доимий аҳамият касб этишини қайд этган бўлса, тарих фани ўқитувчилари Р. Аминов ва М. Утебаевлар эса мақолани  минтақанинг сиёсий тараққиёти ва тарихий бирдамлигини ўрганиш нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик кейинги йилларда сезиларли даражада ортганини илмий мисоллар билан асослаб беришди.

Муҳокамалар давомида иштирокчилар мақолада кўтарилган ғоялар нафақат қўшни давлатлар билан муносабатлар, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган модернизация жараёнларига ҳам тўғридан-тўғри дахлдор эканини таъкидладилар. Хусусан, таълим, спорт, маданият ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида юз бераётган ўзгаришлар Марказий Осиёни барқарор ва очиқ ҳамкорлик макони сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, бундай муҳокамалар ёшлар дунёқарашини кенгайтиради, уларда миллий тараққиёт ва минтақавий ҳамкорлик жараёнларига нисбатан масъулият ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси