«Академик кубоги» олимпиадаси ўтказилди

6

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда академик лицей ўқувчилари ўртасида кимё фанидан «Академик кубоги» олимпиадаси ташкил этилди.

Ушбу тадбир иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши ва изланувчанлик руҳини янада кучайтириш, шунингдек, халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадаларига тайёргарлик жараёнини такомиллаштиришга қаратилган муҳим илмий-маърифий платформага айланди.

Олимпиаданинг очилиш маросимида Қорақалпоқ давлат университети ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О.Дуйсенбаев ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, академик А.Реймовлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши ва илмий салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, ушбу олимпиада ёш кимёгарларнинг ўз билим ва қобилиятини намойиш этиши учун муҳим майдон бўлишига тўхталди ва барча иштирокчиларга муваффақиятлар тилади.

– Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «Иқтидорли ёшларни танлаш тизимини ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4910-сонли қарори, шунингдек, 2020 йил 12 августдаги «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4805-сонли қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди, – дейди академик Ахмед Реймов.

Олимпиада жараёнида академик лицейларнинг энг иқтидорли ўқувчи-ёшлари кимё фани бўйича назарий ва амалий йўналишларда ўз билимларини синовдан ўтказди. Улар учун махсус мураккаб саволлар, лаборатория машғулотлари ва кимёнинг замонавий йўналишлари бўйича топшириқлар тайёрланди. Бу эса, ўқувчиларнинг нафақат дарслик доирасидаги билимларини, балки мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш, илмий изланиш олиб бориш кўникмаларини ҳам текширишга хизмат қилади.

Ўтказилган олимпиада якунида, биринчи ўринни ҚҚДУ қошидаги Академик лицейнинг табиий фанлар йўналиши 2-курс ўқувчиси Фатима Жиенбаева эгаллашга муваффақ бўлди.

Иккинчи ва учинчи ўринларни НДПИ қошидаги Академик лицейнинг 2-курс ўқувчиси Айзада Сарсенбаева ва ҚҚДУ қошидаги Академик лицейнинг 2-курс ўқувчиси Гулойим Жолдасбаевалар қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ғолиб ўқувчилар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси