Гендер тенгликни ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббуслар амалга оширилади

69

Олий Мажлис Сенатига “БМТ-аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Бeлeн Санс Лукe ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистоннинг «БМТ-аёллар» тузилмаси билан ҳамкорлиги, шунингдек, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Барча соҳаларда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган тизимли ишлар муҳокама қилинди. Жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам аёллар фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлашда фаол бўлган ташкилот ва идораларни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув чоғида шерикликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлган Тошкент шаҳрида «БМТ-аёллар» тузилмаси офисининг очилишига юқори баҳо берилди.

БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 70-сессиясида иштирок этиш, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотида ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА