Қорақалпоқ қора уйи: халқимизнинг моддий маданий мероси

Қорақалпоқ қора уйи кўчманчи халқларнинг меъморчилик маҳорати ва маданий тафаккурининг алоҳида белгиси. У бошқа жойга кўчириб ўрнатишга мўлжалланган, иқлимга мослашувчан ва табиат билан боғлиқ яшаш тамойилларига асосланган бўлиб, Марказий Осиёдаги энг ноёб анъанавий уйлар қаторида туради.
Тарихий манбаларга кўра, қорақалпоқлар икки хил қора уйдан кўпроқ фойдаланган: кундалик турмушда қўлланиладиган ўтов (оддий безатилган) ва тантанали, масалан, тўйлар учун тайёрланган ўтов, кўзга ташланадиган очиқ рангли нақшли қурлар билан безатилган. Қора уйлар қиш ойларида уйнинг ҳовлисида, ёзда эса соя жойга ўрнатилган. Орқа томонига тутилган чийни очиб қўйиш орқали ҳосил бўладиган табиий тоза ҳаво ўтовнинг ичини ҳатто ҳаддан ташқари иссиқ ҳаво шароитида ҳам салқин сақлаган.
Қорақалпоқ қора уйини бир неча соат ичида қуриш ва йиғиштириб олиш мумкин. Қуриш эшикдан (ўтов эшигидан) бошланади, кейин бир неча қанот ёғоч тўр (керага) бир-бирига улаб ўрнатилади. Конус шаклидаги қисми ёғочдан (тор узун увуқлардан) ишланиб кенг оқбошқур, қизилбошқурлар билан ўраб маҳкамланади. Қора уйнинг эшиги одатда жанубга қарайди, бу эса ҳар мавсумда қулайликни таъминлайди. Унинг томи (хонадон) икки қатор айланма ёғочдан иборат бўлиб, нафақат қурилишда зарур элемент бўлиш билан бирга, уйда юлдузларни кузатиш ва вақтини ҳисоблаш имконини берувчи осмон ойнаси вазифасини ҳам бажаради.
Қора уйнинг ичидаги буюмлар тартиб билан жойлаштирилади. Шунингдек, одамларнинг жойлашиш тартибидан ҳам иборат: эркак кишиларга мўлжалланган томони (ўнг томон) ва аёлларга мўлжалланган томони (чап томон), бу қадимги мувозанат ва космик уйғунлик тушунчаларини акс эттиради. Муқаддас унсурлар қаторига остона (эшик қисми), ўчоқ ва тўр (катталар учун мўлжалланган жой) киради. Бу уйлар тантанали безатилган ва фахрий меҳмонлар учун тайёрланган. Ҳар бир тўқилган қора уй жиҳозлари ва безаклари нафақат амалий, балки маданий маънога эга бўлиб, қурилишни мустаҳкамлаш билан бирга маданий қадриятларни ҳам англатади.
Шанарак (қора уйнинг энг юқори қисми) ва ўртадаги ўчоқ қуёш ва олов тимсоли бўлиб, кундалик турмуш манзараси ҳисобланади. Натижада, ўтов космик дунёқарашни ўзида мужассамлаштиради: уй, табиий муҳит ва космос ўзаро боғлиқ деган маънони билдиради.




Бугунги кунда қорақалпоқ қора уйини қуриш ва турмушда қўллаш анъанаси давом этиб, авлоддан-авлодга ўтган ҳунармандчилик, илмий ва маданий қадриятларни ўзида сақлаб келмоқда. Қора уй Ўзбекистон ва қорақалпоқ халқининг номоддий маданий меросининг муҳим элементи сифатида эътироф этилган.
Бугун Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессиясида «Қора уй» ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросининг РЕПРЕЗЕНТАТИВ рўйхатига киритилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги