Нукус туманида маънавият, меҳр-оқибат ва хайрия тадбири ўтказилди

54

Нукус туманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний ишлар бўйича қўмита масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан маънавият, меҳр-оқибат ва хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбирни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари Икром домла Шерниязов бошқариб борди.

Нукус тумани «Имом эшон» масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти раҳбарлари, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, 2025 йилда ҳаж зиёратига борган зиёратчилар ва маҳалла раислари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ва масжидни бошқариш борасидаги ишларини яқиндан ўрганиш, улар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш, уларга амалий ёрдам ва маслаҳат беришдан иборат.

Шу мақсадда ишчи гуруҳ аъзолари Нукус туманининг 3 та масжиди ва 12 та маҳалласига бириктирилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ва имом-хатиблар ўзларига бириктирилган маҳалладаги 60 та хонадонга кириб, уларнинг ҳолидан хабар олди, муаммоларини ўрганди. Фикр-мулоҳазаларини тинглаб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини амалга оширди.

Хусусан, 2 нафар эр-хотиннинг ажримининг олди олинди ва ижтимоий етимликнинг жамиятимиз учун салбий оқибатлари ҳақида тушунтирилди. 34 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларидан моддий ёрдам кўрсатилди. Ичкиликка берилган 2 нафар фуқаро билан учрашиб, бу иллатнинг салбий оқибатлари, қадриятларимизга ётлиги тушунтирилиб, соғлом турмуш тарзига қайтиш бўйича тавсиялар берилди. Чет элларда вақтинча меҳнат қилаётган 9 нафар меҳнат мигрантининг оила аъзолари билан суҳбат ўтказилиб, диний оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш, расмий диний манбаларга мурожаат қилиш бўйича тушунтирилди. Ногирон ва бемор фуқаролар яшайдиган 13 хонадонга кириб, улардан кўнгил сўралди, даволаниш ва дори-дармон учун моддий ёрдам кўрсатиш режалаштирилди. Ташриф давомида нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб дуолар қилинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилганларга «Тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиш, шукроналик, ёш авлод тарбияси, ёт ғоялар таъсиридан сақланиш, миссионерлик ҳаракатларидан огоҳ бўлиш, тўй ва маросимларни ихчам ўтказиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш» каби муҳим мавзуларда маърузалар қилди.

Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ва масжид бошқарувидаги ишларига кўрсатма ва тавсиялар берилди, уларнинг келгуси ишларида омад тилаб, дуо қилинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги