Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини акс эттирувчи китоб

46

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таниқли сиёсатшунос, сенатор ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг инглиз тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.

Тадбирда давлат идоралари, дипломатик корпус вакиллари, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев  кириш сўзи билан очди.

Қайд этилганидек, ушбу китоб мамлакатнинг стратегик ривожланиш йўналишини ҳар томонлама таҳлил қилиб, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги чуқур ўзгаришларни ёритиб беради. Унда иқтисодиётни эркинлаштириш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро жараёнларда фаол иштирокчи сифатидаги ролини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

– Нашрнинг инглиз тилидаги талқини аллақачон халқаро миқёсда кенг эътирофга сазовор бўлган, – дейди Сенат аъзоси ва «Ишонч» газетаси бош муҳаррири Ҳ.Эрматов. –  Аввалроқ ушбу китобнинг тақдимотлари Вашингтонда — АҚШ Конгресси биносида, шунингдек БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида муваффақиятли ўтказилган эди. Бу воқеалар хорижлик мутахассислар, сиёсатчилар ва дипломатлар орасида катта қизиқиш уйғотиб, Янги Ўзбекистон қиёфасини жаҳон майдонида янада оммалаштиришга хизмат қилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, китоб муаллифи Қудратилла Рафиқов – таниқли сиёсатшунос, 2016 йилдан бери Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси. Ўзбекистоннинг замонавий ривожланишига бағишланган бир қатор асарлар муаллифидир.

“Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” — мамлакатдаги ўзгариш жараёнларини батафсил ёритувчи фундаментал асар ҳисобланади. Нашр хорижий китобхонларга мўлжалланган бўлиб, уларга республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мақсади, моҳияти ва натижаларини чуқурроқ англаш имконини беради.

– Бугунги глобаллашув даврида Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўли халқаро ҳамжамият учун катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б.Алоев. – Инглизча нашр чет эллик сиёсатчилар, илмий доиралар ва халқаро ташкилотлар учун мамлакатимиздаги ислоҳотларни чуқурроқ англаш имконини беради. Асарда сиёсий тизимни модернизация қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги имижи ҳақида батафсил маълумот берилган. Ўзбекистон бугун янги босқичга қадам қўйди. Очиқлик, тараққиёт ва инсон қадри устувор бўлган жамиятга интиляпти. Китоб ана шу ўзгаришларнинг манзара ва мантиғини кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилади.

Ушбу тадбир  нафақат янги нашр тақдимоти, балки Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўлини дунёга танитишда муҳим қадамлардан бири бўлди.

Шаҳноза Маматуропова, Алимурод Мадаминов (сурат), ЎзА