Аль-Азҳар ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилди

65

Мисрдаги ислом оламининг энг нуфузли илмий марказларидан бири – Аль-Азҳар ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб бормоқда. Қоҳирада бўлиб ўтган Ўзбекистон делегациясининг ташрифи икки томонлама муносабатларни янада стратегик даражага олиб чиқди.

Шайх Аҳмад ат-Таййиб билан ўтказилган учрашувларда таълим, илм-фан, маърифат ва диний-маънавий соҳаларда қатор истиқболли лойиҳалар юзасидан келишувга эришилди. Бу жараён нафақат икки мамлакат муносабатлари, балки бутун ислом олами ривожи учун муҳим ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.

Шайх Аҳмад ат-Таййиб Ўзбекистон билан ҳамкорлик тарихан муҳим эканини қайд этиб, икки мамлакат ўртасидаги илмий алоқаларни янада чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Учрашув давомида Аҳмад ат-Таййиб Азҳар шарифнинг Шайхи ва Мусулмон Ақлмандлари кенгаши раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, Шайх Зайд номидаги «Инсоний биродарлик» халқаро мукофоти ҳакамлар ҳайъати аъзоси Саида Мирзиёевани қабул қилди. Ташриф доирасида икки томонлама илмий ва маърифатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Имом Аъзам Аҳмад ат-Таййиб Саида ҳонимни Азҳар шарифда самимий кутиб олди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий саломларини йўллади. Таъкидландики, ислом ақлининг энг ёрқин илмий ва фикрий анъаналари aйнан бу юрт билан боғлиқ бўлиб, мовароуннаҳрлик алломалар – Имом Мотуридий, Термизий, Замахшарий, Форобий, Хоразмий ва бошқаларнинг мероси бутун ислом илмий меросида бениҳоя катта ўрин тутади. Уларнинг таъсири нафақат ислом цивилизацияси, балки бутун инсоният тараққиётига хизмат қилган.

Доктор Аҳмад ат-Таййиб, шунингдек, Саида Мирзиёеванинг мамлакатда хотин-қизларнинг етакчилик лавозимларида фаолият юритиши, ижтимоий соҳалардаги ташаббуслари, инсон ҳуқуқлари, болаларни ҳимоя қилиш, таълим ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги ишларини юқори баҳолади. У зот аёлларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган жоҳилия давридан қолган урф-одатлар ислом шариатига зид эканини алоҳида таъкидлади.

Саида Мирзиёева ўз навбатида Азҳар Шайхининг глобал миқёсда инсонпарварлик, бағрикенглик, тинчлик ва биродарлик қийматларини тарғиб этишдаги ўрнини катта эҳтиром билан қайд этди. У Ўзбекистон Ислом академияси томонидан 2018 йилда Шайх ат-Таййибга берилган фахрий докторлик унвони билан фахрланишини билдирди. Шунингдек, у Азҳар Шайхига Президент Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.

Саида Мирзиёева Ўзбекистон томонидан Азҳар ва Мусулмон Ақлмандлари кенгаши билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиш катта эканини билдирди. Жумладан, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, талабалар ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, Азҳар университети ва Ўзбекистон Ислом академияси ўртасида 100 мингдан зиёд ислом қўлёзмаларини тадқиқ этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Имом Мотуридийнинг илмий меросини кенг тарқатиш, экстремистик ғоялардан жабр кўрганларни реабилитация қилиш бўйича Азҳар Маркази ва Ўзбекистон диний идоралари ҳамкорлиги кенгаяди.

Шайх ат-Таййиб ушбу таклифларни қўллаб-қувватлади ва тез фурсатда амалга ошириш учун қўшма комиссия тузишни буюрди.

Учрашув якунида Саида Мирзиёева Азҳар Шайхини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш ва Марказий Осиёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси маркази очилиш маросимида иштирок этишга таклиф қилди. Шайх ат-Таййиб таклифни мамнуният билан қабул қилиб, ушбу марказни Ўзбекистон халқи учун улкан тарихий воқеа эканини таъкидлади.

Аль-Азҳар ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилди. Режалаштирилаётган қўшма илмий лойиҳалар, талабалар ва мутахассислар алмашинуви, қўлёзмаларни ўрганиш, экстремизмга қарши маърифий дастурлар, нафақат икки мамлакат, балки бутун ислом олами учун улкан аҳамиятга эга. Бу ҳамкорлик илм, маърифат ва тинчлик сари йўналган стратегик қадам.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА