Онлайн зўравонликка қарши ҳамкорлик кучайтирилмоқда

Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова пойтахтимизда аёлларга нисбатан рақамли зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга бағишланган давра суҳбатида иштирок этди.
Тадбир жорий йилда мамлакатимизда ўтказилган «Гендерга зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампаниясининг якунлайдиган босқичи сифатида Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ташкил этилди.
Унда қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, рақамли хавф таҳлили ва мониторинг тизимларини жорий этиш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Сенатор рақамли маконда аёллар хавфсизлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари жабрланганларга кўмак бериш тизимини янада такомиллаштириш, мониторинг ва баҳолаш воситаларини интеграция қилиш, гендер тенглигини илгари суришда давлат органлари, хусусий сектор, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.