Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор ва хавфсиз энергия таъминотига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Куни кеча Истанбулда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Энергетика вазирларининг V йиғилиши шундай ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва “яшил” энергетика лойиҳаларини илгари суриш имкониятларини муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлди.
Унда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон Республикаси Энергетика вазирлари, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ҳамда Венгрия ва Шимолий Кипр Ташқи ишлар вазирлари кузатувчи сифатида иштирок этди.

Учрашув давомида дўст ва қардош туркий давлатлар раҳбарларининг ташаббуслари билан барча соҳалар қатори ёқилғи-энергетика тармоғи ривожи йўлида ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётгани айтиб ўтилди.
Йиғилишда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақа энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор энергия манбаларини жорий этишдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Хусусан, “яшил” энергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тармоқлар интеграцияси ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, ҳамкорлик масаласи Туркий давлатлар ташкилоти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у нафақат сиёсий ва иқтисодий соҳаларда, балки энергетика тармоғи ривожида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Энергетика соҳасидаги биргаликдаги ташаббуслар, янги инвестиция лойиҳалари ва “яшил” энергетика чора-тадбирлари минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, тармоқларнинг интеграцияси ва инновацион технологияларни жорий этиш мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, энергия таъминотида узлуксизлик ва самарадорликни таъминлайди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар Туркий давлатлар ташкилоти Энергетика вазирларининг навбатдаги – VI йиғилишини 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олишди. Бу чора-тадбирлар эса минтақадаги энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш йўлида муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА