Мурожаат ижобий ечим топди

Фуқаро П.А. собиқ турмуш ўртоғи алимент пулларини тўламай қўйганлигини, қиш мавсуми келиши муносабати билан фарзандига қишги кийим бош олиши зарурлигини билдириб, Бюронинг Тахтакўпир туман бўлими бошлиғи ҳузурига келиб оғзаки мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш даврида, Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан мурожаатчи П.А.нинг фойдасига тарбиясидаги бир нафар фарзандининг таъминоти учун унинг собиқ турмуш ўртоғи Ж.Қдан алимент ундириш белгиланганлиги, жавобгар Ж.Қ алимент пулларини ўз вақтида тўлаб келмаганлиги оқибатида унинг қарзи деярли 23 миллион сўмни ташкил этиши аниқланган.
Шу сабабли, Мажбурий ижро бюроси Тахтакўпир туман бўлими давлат ижрочилари томонидан дарҳол ижро ҳаракатларига киришилиб, жорий йилнинг 9-декабрь куни олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида қарздордан 22 миллион 153 минг 336 сўм алимент пуллари ундирилиб, мурожаатчига топширилган.
Шундан сўнг, мурожаатчи П.А. Бюронинг Тахтакўпир туман бўлимига келиб, собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишганлиги сабабли суд қарори ижросини тугатишни сўраб илтимоснома киритган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги