Аёлларга нисбатан рақамли зўравонликка қарши миллий механизм кучайтирилмоқда

57

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида Буюк Британия кўмаги билан хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига миллий жавоб қайтариш тизимини кучайтиришга қаратилган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда айниқса, рақамли муҳитда кузатилаётган зўравонлик турларига оид муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур давра суҳбати жорий йилда мамлакат бўйлаб ўтказилган “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат” халқаро кампаниясининг якуний тадбири сифатида 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ташкил этилди. Тадбир сиёсатчилар, давлат ташкилотлари ва хизмат кўрсатувчилар, фуқаролик жамияти вакиллари, ОАВ ходимлари, халқаро ҳамкорлар ҳамда фаолларни хотин-қизларни ҳимоя қилиш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашга чорлади.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, UNFPA ва Буюк Британия элчихонасининг вакиллари сўзга чиқиб, зўравонликдан жабрланувчиларга кўрсатилаётган хизматларни такомиллаштириш, қонунчилик базасини кучайтириш ва профилактик чораларни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилишини таъкидлади.

Давра суҳбатида миллий йўналтириш ва идоралараро мувофиқлаштириш механизмлари йўлга қўйилаётгани, жабрланувчилар учун инклюзив хизматларнинг кенгайиб бораётгани қайд этилди. Сенат ва UNFPA экспертлари томонидан тайёрланган рақамли зўравонлик бўйича ҳуқуқий таҳлил натижалари муҳокама қилиниб, рақамли майдонда тартибга солиш ва ҳисобдорликни кучайтириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири — UNFPAнинг глобал “BodyRight” кампаниясининг Ўзбекистонда расмий ишга туширилиши бўлди. Лойиҳа ҳар бир хотин-қизнинг онлайн зўравонликдан ҳимояланиш ҳуқуқини тарғиб қилишга қаратилган.

— Рақамли технологиялар ҳаётимизга чуқур кириб келгани сайин зўравонликнинг янги, кўзга кўринмас турлари ҳам ортиб бормоқда, –  дейди UNFPA эксперти Нозима Маликова. – Онлайн-тақиб, шахсий маълумотларни тарқатиш, интим тасвирлардан шантаж сифатида фойдаланиш каби ҳолатлар жамиятда жиддий оқибатларга олиб келмоқда. Айниқса, ёшлар, фаоллар ва журналистлар кўпроқ таҳдидга учрамоқда. Шу боис, Ўзбекистонда рақамли зўравонликка қарши миллий жавоб механизмини кучайтириш долзарб вазифага айланди.

“BodyRight” – UNFPAнинг глобал ташаббуси бўлиб, инсон танасига оид маълумотлар ва тасвирлар фуқаронинг ўз розилигисиз тарқатилишига қарши курашишни тарғиб қилади. Кампания рақамли розилик маданиятини шакллантириш, ёшлар ва жамоатчиликда онлайн хавфсизлик бўйича хабардорликни оширишга қаратилган.

Дарҳақиқат, рақамли зўравонлик бутун жамиятнинг муаммосидир. Агарда кимдир онлайн зўравонликка дуч келса, ўзи ёлғиз эмаслигини билиши лозим. Мавжуд хизматлар бор, қонунчилик асосида ҳимоя чоралари кўрилади. Энг муҳими — сукут сақламаслик ва ёрдам сўрашдан қўрқмаслик керак.

Шаҳноза Маматуропова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА