Янги йил “супер чегирма”лари ростми ёки рекламанинг замонавий кўриниши?

57

Янги йил байрами яқинлашар экан, бозор ва савдо нуқталарида турли чегирмалар ва акциялар фаоллашмоқда. Бу жараён истеъмолчилар учун қулай имкониятлар яратади, тадбиркорлар учун эса савдони сезиларли ошириш имконини беради. Рақобат қўмитаси мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатишга тайёр.

Бироқ, айрим сотувчилар томонидан ёлғон акция ва чегирмалар эълон қилиниши, товарнинг илгариги нархи ёки чегирма шартлари ҳақида тўлиқ маълумот берилмаслиги каби ҳолатлар ҳам учрамоқда. Жорий йилнинг ўзида қўмитага келиб тушган 48 мингдан ортиқ мурожаатнинг катта қисми айнан тўғри ва аниқ ахборот берилмаганига боғлиқ.

Чакана савдо қоидаларига мувофиқ, ҳар бир чегирма эълон қилинганда унинг аниқ миқдори, амал қилиш муддати, товарнинг охирги 30 кундаги энг паст нархи ва чегирмагача бўлган нархи ҳақидаги маълумотлар равшан кўрсатилиши шарт. Агар чегирма чекланган миқдордаги товарларга ёки мавсумий маҳсулотларга тегишли бўлса, бу ҳақида олдиндан истеъмолчига хабар берилган бўлиши керак. Акция давомида таклиф этилаётган чегирма ва бонуслар ҳақиқатда амал қилиши, шартлари ўзгартирилмаслиги зарур.

Қонунчилигимизда айрим товар турларига чегирма ва рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқлангани ҳам белгиланган — алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, никотин мосламалари, дори воситалари шулар жумласидан.

Рақобат қўмитаси тадбиркорларни қонун талабларига қатъий риоя қилишга чақиради. Аниқланган қоидалар бузилиши ҳолатларида тегишли жавобгарлик ва молиявий санкциялар қўлланилиши эслатиб ўтилади.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисида»ги қонунда ҳам тадбиркорлар рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунларига амал қилишлари шартлиги алоҳида қайд этилган.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА