«Қобиз ясаш ва ижрочилик санъати» ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросини фаол муҳофаза қилиш рўйхатига киритилди

Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида берилган топшириқлар доирасида қорақалпоқ халқининг асрлар давомида етиб келган бебаҳо маданий меросини асраб-авайлаш, уни янги босқичга олиб чиқиш ва дунё миқёсида кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, миллий мусиқа маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланган қобиз ясаш анъаналари ва жировчилик санъатини замонавий ва илмий-амалий асосларда ривожлантириш, ёш авлод онгига чуқур сингдириш, халқаро миқёсда оммалаштириш масалалари устувор вазифа сифатида белгилаб берилган эди.
Бу вазифаларни кенг жорий этиш мақсадида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигида тизимли ва амалий ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, миллий-маданий меросни асраб-авайлаш, уни илмий ўрганиш ва халқаро майдонларда муносиб тақдим этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йилнинг 8-13 декабрь кунлари Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш Ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги ХХ сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 185 мамлакатидан мингдан зиёд делегация аъзолари иштирок этмоқда.
Мазкур сессияда Ўзбекистон Республикасидан тавсия этилган «Қобиз ясаш ва ижрочилик санъати» (миллий) номзодини ЮНЕСКОнинг фаол муҳофазага олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос элементлари рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарори бир овоздан қабул қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз томонидан барча соҳалар қатори халқимизнинг бой маданиятларидан бири бўлган бахшичилик ва жировчилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
«Қобиз ясаш ва ижрочилик санъати»нинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши унинг тарихий, маънавий ва маданий қадрият сифатидаги ўрнининг халқаро миқёсда эътироф этилишидир.
Қўмита қарорида қайд этилганидек, анъанавий эпик достонларни ижро этишда кенг қўлланиладиган қўбиз чолғуси муҳим ижтимоий вазифаларни бажаради. Хусусан, у жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданий меросни асраб-авайлашга хизмат қилиши таъкидланган.

Шунингдек, мазкур қарор жировчилик санъатини илмий тадқиқ этиш, устоз-шогирд анъаналарини асраб-авайлаш, янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади.
– Неча минг йиллик тарихга эга қорақалпоқ жировларининг қўбиз чолғусининг ЮНЕСКО рўйхатига киритилганидан жуда хурсандмиз. Бу бобо жиров оталаримизнинг асрлар давомида орзуларининг рўёби бўлди. Бунинг учун ҳурматли Президентимизга миннатдорчилигимиз чексиз, – дейди Ҳиндистонда бўлиб турган делегация аъзоси, Қорақалпоғистон халқ жирови Бақберген Сиримбетов.
Ушбу қувончли воқеа билан бутун халқимиз, санъат мухлислари, устоз санъаткорлар ва бу бебаҳо меросни кўз қорачиғидек асраб келаётган фидойи инсонларни чин юракдан табриклаймиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги