Илғор фермерлар устоз сифатида кам ҳосил олаётган фермерларга бириктирилади

11

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан мулоқотида таъкидланди.

«Мирзачўл» кластери чўл шароитида бу йил пахтадан гектарига 50-55 центнердан ҳосил олди, унга бириктирилган 27 нафар фермер эса ҳосилдорликни 85 центнергача олиб чиқди.

Ушбу тажрибани оммалаштириш учун Мирзачўлда инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилинмоқда. Бутун республикадаги 1 минг нафар фермер ушбу мактабда чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади. Мазкур мактабда ўқиб, сертификат олган фермерларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади.

Шу билан бирга, илғор фермерларни устоз сифатида кам ҳосил олаётган фермерларга бириктириб, ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўладиган тизим қилинади.

Устоз фермерлар ўз тажрибасини шогирд фермерга ўргатиб, ҳосилни 50 центнердан оширишга кўмаклашса, 5 миллион сўм мукофот олади.

ЎзА