Мавсумга тайёргарлик даражасини ўрганиш ишлари давом этмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов раҳбарлигида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражасини ўрганиш учун кенг қамровли текширувлар олиб борди. Унда Нукус шаҳридаги марказий иссиқлик таъминоти ҳамда диспетчерлик марказининг барқарор ишлашга тайёрлангани, қиш мавсумидаги аварияларнинг олди олингани, содир бўлган ҳолатларда эса уларнинг оқибатлари тезкорлик билан бартараф этилиши ва авария тиклаш гуруҳларининг ҳаракатланиш самарадорлиги таҳлил қилинди.
Жумладан, Нукус шаҳридаги “Коммунал иссиқлик маркази” МЧЖнинг марказий иссиқлик таъминоти фаолияти, уй-жой ҳамда бино-иншоотларни узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлаш, кўп квартирали уй-жойлар, ижтимоий соҳа ҳамда давлат муассасаларини марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш имконияти ўрганилди. Навбатчи-диспетчерлик хизматлари, авария-тиклаш бригадалари ва захира сақлаш омборхоналари ҳолати ҳам алоҳида ўрганилди.
Шунингдек, Нукус шаҳар электр таъминоти корхонасининг навбатчи-диспетчерлик хизмати ва авария-тиклаш бригадаларининг мавсумга шайлиги, захира омборхонасидаги ресурсларнинг тўлиқ жамланганлиги ва махсус муҳандислик техникаларнинг тайёргарлик ҳолати текширилиб, фавқулодда ҳолатлар, электр тармоқларида юз берадиган авариявий ҳолатлар, узулишларни зудлик билан сифатли бартараф қилиб бориш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқлари, энергетика инфратузилмаси ва кўп қаватли уй-жойлар фондида барқарор ишлаш ва хавфсиз иситиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ишчи гуруҳ масъул идораларнинг техник жиҳатдан барқарорлиги, махсус техника ва зарур материаллар захирасини текширди, тизимлар ва қурилмаларнинг ҳолатини баҳолади.

Масъулларнинг таъкидлашича, барқарор энергия таъминоти ва иситиш тизимларининг самарали ишлаши аҳоли ҳаёти ва иқтисодий фаолият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, куз-қиш мавсумида ҳар қандай фавқулодда ҳолатларга тез ва самарали реакция қилиш, аҳолига хавфсиз хизмат кўрсатиш масалалари доимий назоратда бўлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги