Ўзбекистон ва Корея ўртасида фармацевтика-биотехнология йўналишида ҳамкорлик кенгаяди
Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Кореянинг K-NBIRT (Korea National Biotech Research & Innovation Technology) ташкилоти ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви бўйича меморандум имзоланди.
Ҳужжат икки давлат ўртасида илмий-техник ҳамкорликни кенгайтириш, фармацевтика ва биотехнология йўналишларида инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Меморандум доирасида фармацевтика ва биотехнология бўйича илмий тадқиқотлар алмашинуви, Ўзбекистон ва Корея мутахассислари учун ўқув дастурлари ҳамда амалий тренинглар ташкил этиш, қўшма илмий лойиҳалар, технология трансфери ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш ва илғор тажрибаларни татбиқ этиш йўналишларида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Мазкур меморандум икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаши, кадрлар салоҳиятини ошириши ва фармацевтика-биотехнология соҳаларининг инновацион ривожига хизмат қилиши таъкидланди.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА